Ўзбекистонда чанғи югуриш ва милтиқдан ўқ отишни уйғунлаштирувчи қишки Олимпия спорт тури бўлган биатлон федерацияси рўйхатга олинди.
Адлия вазирлигининг хабар беришича, ушбу ташкилотнинг асосий мақсади — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида биатлон спорт турини ривожлантириш, оммавийлаштириш, биатлон билан шуғулланувчилар, айниқса, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ўз аъзоларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат бўлади.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда қишки спорт турларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. 2017 йилда хоккей, кёрлинг, фигурали учиш ва шорт-трек, чанғи спорти бўйича федерациялар тузишга қарор қилинди. 2020 йили қишки спорт турлари билан боғлиқ спорт ташкилотлари учун солиқлар камайтирилди. Ўзбекистонда «Амирсой» тоғ-чанғи мажмуаси, Тошкент шаҳридаги «Ҳумо Арена» муз саройлари, Самарқандда ICE ARENA барпо этилди, болалар хоккей мактаблари ташкил этилмоқда.
4—20 февраль кунлари Пекинда бўлиб ўтадиган Қишки Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон шарафини бир нафар спортчи – чанғичи Комилжон Тўхтаев ҳимоя қилади. У Олимпия ўйинларига Италияда тайёргарлик кўрди. 13 февраль куни ўзбекистонлик спортчи гигант слалом, 16 февралда эса слалом бўйича чиқиш қилади.