Уч яшар қизалоғини айиқлар қафасига ташлаган тошкентлик аёл руҳий касалликлар диспансерида рўйхатга олинган. Бу ҳақда аёлнинг отасига таяниб, Kun.uz нашри хабар беради.
Унинг сўзларига кўра, қизи Зилола Тўлаганованинг руҳий бузилишига турмуш ўртоғи ва қайнонасининг кўп йиллик тазйиқлари натижасида юзага келган стресс сабаб бўлган.
«Қизим оила қурганига етти йилдан ошган, икки нафар фарзанди бор. Катта неварам Дадахон 6 ёшни тўлдириб, бу йил еттига ўтди. Қизим қайнотаси ҳаёт бўлган пайтда икки йил яхши яшади. Қайнотаси оламдан ўтганидан сўнг турмушида муаммолар пайдо бўла бошлади», — дейди қизнинг отаси Kun.uzга берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, Зилоланинг эри ўз феъл-атворини кўрсата бошлаган, хотинини калтаклаган, аёлни ота-онасининг уйига жўнатган, айниқса, касал бўлиб қолса, шамоллаб қолса, шунинг ўзи етарли бўлган. Соғайиб, аёл эрининг олдига қайтиб келади.
Охирги марта у узоқ вақт ота-онасининг уйида қолади. Қайнонаси ўзлари яшаб турган ҳовлини сотиб, бошқасини сотиб олади, ўз номига расмийлаштиради. Зилола у ерда икки ой яшайди, шундан сўнг қайнона келинини болалари билан уйдан ҳайдаб юборади. Отасининг сўзларига кўра, қўшнилар ва маҳалла қўмитаси Зилола оиласида бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиб, турмуш ўртоғини хотини ва болаларини ҳайдаб юбормасликка кўндирмоқчи бўлишган, лекин у уларнинг гапига қулоқ солмаган.
Икки йил аввал Зилола Тўлаганова ёрдам сўраб биринчи марта психиатрга мурожаат қилган. «Оиласидаги келишмовчиликлардан кейин қизим стрессга тушиб қолгани учун уни даволатдик. Биринчи марта икки йилча олдин даволаниб чиқди. Эри уриб-калтаклар экан, шунинг таъсирида шу дардга чалинди. Турмушга узатганимизда соппа-соғ эди», — дейди аёлнинг отаси. Аёл йилига икки марта даволаниш курсини ўтаган.
Зилола ажрашиш учун ариза беради, бироқ судда эри болаларни етим қолдирмаслик учун никоҳни бузмоқчи эмаслигини айтади. Натижада судя Зилоланинг даъвосини рад этиб, турмушдагилар алоҳида яшашига қарамай, эридан алимент ундирмаган.
Мазкур воқеадан тўрт кун олдин куёви телефон қилиб, қизнинг асабига теккан. «Ҳозирги ҳолингдан баттар қиламан», деб айтган. «Жинни бўлиб қолсанг ҳам сен билан ажрашмайман, уйда олиб ўтираман», деб айтган. Бу гаплар аёлга қаттиқ таъсир қилган.
28 январь куни Зилола дорихонага кетяпман, деб болаларини олиб уйдан чиқиб кетган. «Шифокорлар, агар у дорини вақтида қабул қилса, ҳаммаси яхши бўлишини айтишди. Менимча, у дори-дармонларни қабул қилишни тўхтатган», — дейди ота.
Аёл болаларни ҳайвонот боғига олиб боради ва у эрда катта ўғлининг кўз ўнгида қизини айиқлар қафасига ташлайди.
«Қизим болаларини жуда яхши кўрарди. Уларга жуда меҳрибон эди. Бўлган ишлар биз учун ниҳоятда кутилмаган воқеа бўлди. Жаҳли чиққанда, асабийлашганда ёки даволаниш муддати яқинлашганда ҳам ҳеч қачон болаларига қўл кўтармаган, уларни уриб калтакламаган. Ғазабини бизга сочиши мумкин эди, лекин болаларига эмас», — дейди Зилоланинг отаси.
Ҳайвонот боғидаги воқеадан сўнг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати 2021 йили Зилола Тўлаганованинг «аёллар дафтарига» киритилгани, ажрашиш тартиби ва уй-жой масалалари бўйича маслаҳатлашгани, икки марта унга ёрдам тариқасида озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилганини маълум қилди.
Бироқ, аёлнинг яқинлари ва ҳамкасблари вазирлик хабарини ёлғон деб атадилар. Зилолани яқиндан таниганларнинг айтишича, у уй-жой масаласида маҳалла қўмитаси ва туман ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилган. Аммо бу мурожаатлар ҳеч қандай натижа бермаган.
Зилола отасининг айтишича, куёви қизини доимо калтаклаб келган. Шунингдек, Зилоланинг қариндошлари ва ҳамкасблари унинг турмуш ўртоғи уни ҳар томонлама таъқиб қилгани, камситгани ва масхара қилгани ҳақида гапирганини айтишган. Бироқ, расмийлар оилавий муаммоларни юзаки таҳлил қилиш билан кифояланган, аёлга калтаклашдан ҳимоя қиладиган ҳимоя ордери берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 28 январь куни Зилола Тўлаганова ҳайвонот боғига уч ёшли қизини олиб келади. Айиқ билан ўралган жойда туриб, айиқнинг панжарага яқинлашишини кутади, сўнг у болани беш метр баландликдан айиқ олдига ташлайди, нарсаларини йиғиб, нима бўлаётганини кузата бошлайди. Айиқ зовурга тушиб, қизалоққа яқинлашади, қизчани ҳидлаб, сўнг ундан узоқлашади. Ҳайвонот боғи ходимлари айиқни ички қисмга олиб киришади, қизалоқни зовурдан чиқариб олишади
Қизалоққа дастлаб ҳайвонот боғи ҳамшираси биринчи ёрдам кўрсатади. Шундан сўнг у тез ёрдам машинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган.
Қизча шифохонада барча зарур тиббий кўриклардан зудлик билан ўтказилган. У енгил шок ҳолатида бўлган, баландликдан йиқилиш оқибатида очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши кузатилган. Ҳозирда унинг аҳволи яхши, тиббиёт ходимлари назоратида. Тошкент ҳайвонот боғи даволаниш харажатларини ўз зиммасига олди, бундан ташқари, қиз ва унинг акаси учун ушбу муассасага киришни умрбод текин қилиш қарори қабул қилинди.
Республика Бош прокуратураси хабарига кўра, аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в» банди («Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш») билан жиноят иши қўзғатилган. Бундай жиноят учун ўн беш йилдан бир умрга озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.