Uzbekistan Airways Тошкент, Нукус, Урганч ва Термиздан Москвага қўшимча рейсларни йўлга қўйди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.
Парвозлар 6 февралдан бошланади. Тошкентдан Москвага ва ортга ҳафтасига уч марта – якшанба, душанба ва пайшанба кунлари парвоз қилиш мумкин.
Нукусдан рейслар якшанба кунлари, Урганчдан пайшанба кунлари, Термиздан душанба кунлари амалга оширилади.
30 январь куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси Фарғона халқаро аэропортини ҳам ўз ичига олган «Шарқий хаб» лойиҳаси доирасида Наманган-Перм йўналиши бўйича илк парвозни амалга оширди. Биринчи босқичда Фарғонадан Москва, Қозон ва Истанбулга авиарейслар уюштирилди.
2022 йил 31 январдан бошлаб «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Намангандан Москва, Перм, Самара, Омск, Оренбург, Иркутск, Краснодар ва Екатеринбургга Full Economy («тўлиқ эконом») форматида тўғридан-тўғри мунтазам қатновларни йўлга қўйди.
Ўзбекистон 2021 йил 1 апрелдан Россия билан мунтазам авиақатновларни тиклади. Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, пандемияга қадар Uzbekistan Airways авиакомпанияси Ўзбекистон вилоятларидан Россияга ҳафтасига 87 та, Россия авиакомпаниялари эса Ўзбекистон шаҳарларига ҳафтасига 97 та рейсни амалга оширган.