Тошкент шаҳрида Инсон қадри индекси жорий этилади

Инсон қадри индекси тақдимотида. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Маълумки, дунёда Инсон тараққиёти индекси бор. У аҳолининг ҳаёт сифати, саводхонлик даражаси ва умри давомийлигини қиёсий баҳолайдиган кўрсаткичдир.

Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳрида Инсон қадри индекси жорий этилади.

Индексни Тошкент шаҳрида жорий этиш таклифи 31 январь куни Президент Шавкат Мирзиёевга пойтахтда амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимотида билдирилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати. Пойтахтнинг Чилонзор, Учтепа, Сергели ва Юнусобод туманларидан биттадан маҳалла танлаб олиниб, аҳоли ўртасида 56 хил масала бўйича сўровнома ўтказилган. Бу орқали маҳаллада қайси соҳа оқсаётгани, одамларда нималарга талаб борлиги аниқланган.

Тақдимот чоғида пойтахтнинг барча маҳаллаларини ана шундай ўрганиш билан қамраб олиш ва бунинг натижасида у ёки бу йўналишдаги ишларни кучайтириш таклиф этилди. Мирзиёев Индекс мезонларини ишлаб чиқиш ва илмий асослаб бериш ҳамда ҳокимлик ҳузурида таҳлилий марказ ташкил этиш бўйича топшириқ берди.

«Маҳаллабай ишлаш осон эмас, зиммамизга катта масъулият олаяпмиз. Бу тизим қайси маҳаллага, қайси кўчага биринчи бўлиб киришни кўрсатиб бериши керак. Ҳамма ишларни жамоатчилик билан маслаҳатлашиб, маҳаллий кенгашларда тасдиқлаб, тартиб билан бажариш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистонда 1 январдан Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда ҳокимнинг маҳаллалардаги ёрдамчилари иш бошлади. Улар маҳалла аҳолисига тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишда, ёшларга касб-ҳунар ўргатишда, томорқа ва бўш ётган ер ва иншоотлардан самарали фойдаланишни ташкил этишда ёрдам беради. Мирзиёев ҳар бир маҳаллада иқтисодий, ижтимоий, илмий марказ ташкил этиш бўйича топшириқ берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ