Ўзбекистонда 63 нафар маҳкум афв этилди. Бу ҳақда фармонни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев имзолади, деб хабар беради ЎзА.
«Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 63 нафар фуқаро афв этилди», — дейилади хабарда.
Афв этилган шахсларнинг 44 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади. Шунингдек, 19 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
Одатда, афв этиш тўғрисидаги фармонлар айрим давлат ёки диний байрамлар муносабати билан, масалан Конституция куни ёки Рамазон ҳайити арафасида чиқарилади. Амалдаги фармон байрамга тегишли эмас.
Айни пайтда Ўзбекистонда 29 мингдан ортиқ одам озодликдан маҳрум этилган. Республика Олий суди маълумотларига кўра, 2021 йили 932 нафар шахс оқланган ва ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланганлиги муносабати билан 5930 нафар шахс суд залидан озод этилган. 21 780 нафар шахс шартли равишда жазони ўташдан озод этилган, 7 480 нафарга енгилроқ жазо тайинланган. Кафолат хатлари асосида 883 нафар судланувчига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.