Толиблар 2 февралдан университетларни қайта очишга ваъда беришди

TOLOnews сайти фотосурати

Мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган Афғонистон Олий таълим вазирлиги 2 февралдан бошлаб бир қанча вилоятларда давлат университетларини очади. Бу ҳақда вазирлик раҳбари Абдул-Бақи Ҳаққоний (Abdul Baqi Haqqani) маълум қилди, деб хабар беради TOLOnews телеканали.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистондаги барча давлат университетлари 2021 йил август ойи ўрталарида толиблар ҳокимиятни қўлга киритгач, ёпилган эди.

Январь ойи ўрталарида 2012 йилдан бери «жангарилар фаолиятини ташкил этгани учун» Европа Иттифоқи санкциялари остида бўлган толиблар Олий таълим вазирлиги раҳбари олий ўқув юртларидаги эркак ва қиз талабалар алоҳида синфларда ўқитилишини маълум қилганди.

Ҳаққоний давлат университетларининг қайта очилишининг ойлар давомида кечикишига Афғонистондаги иқтисодий инқироз ва эркак ва қиз талабалар учун алоҳида синф хоналарининг йўқлигини сабаб қилиб кўрсатганди.

«Толибон» радикал ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, 19 сентябрь куни дарслар қайта бошланган, бироқ мактабларга фақат ўғил болалар ва эркак ўқитувчилар қабул қилинган. Кейинроқ, толиблар ҳукуматининг Ахборот ва маданият вазири ўринбосари ва радикал ҳаракат вакили Забиуллоҳ Мужоҳид қизларнинг алоҳида синфлар тузилганидан кейингина мактабга боришига рухсат берилишини маълум қилди.

8 ноябрдан бошлаб ғарбий Ҳирот вилоятида қизлар учун ўрта синф мактаблари қайта ишлай бошлади. Бундан ташқари, Балх, Қундуз, Сари-Пул, Бомиён, Ғор ва Зобул вилоятларидаги қизлар эндиликда яна мактабга бориш имконига эга бўлдилар. Афғонистоннинг қолган 27 вилоятида ўрта ва катта ёшдаги ўқувчи қизлар ҳамон уйда қолишга мажбур бўлмоқдалар.

* «Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ