Мирзиёев 1 апрелдан бошлаб икки ҳудудда бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш бўйича топшириқ берди

Primamedia сайти фотосурати

1 апрелдан Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистондаги мактабларнинг 1-4 синф ўқувчилари бепул овқат билан таъминланади. Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022-2026-йилларда янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Давлат дастурини тасдиқлаган фармонида кўзда тутилган.

Бепул овқатланиш – нонушта ёки тушлик учун маблағ давлат бюджетидан ажратилади, уларнинг сарфланиши устидан жамоатчилик назорати ўрнатилади. Мирзиёев ўтган йил сентябрида Президентликка номзод сифатида Қорақалпоғистонга сафари чоғида мактаб ўқувчиларига бепул тушлик ваъда қилган эди.

2022-2026-йилларда янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси еттита устувор йўналишни ўз ичига олган бўлиб, у беш босқичда амалга оширилади, уларнинг ҳар бири аниқ мақсадларга йўналтирилган. Жами мақсадлар юзта, уларнинг барчаси №1 иловада келтирилган. Улар орасида:

👉 2026 йилгача аҳолининг барча эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам билан таъминлаш;

👉 Иқтидорли ўқитувчи ва шифокорларнинг ойлик маошини босқичма-босқич 1000$ эквивалентига ошириш. Шу билан бирга, стратегиянинг ўзбекча вариантида қуйидаги шартлар кўрсатилган: шифокорлар учун 2022 йил август ойидан, ўқитувчилар учун сентябрдан ойлик маошлари оширилиши кўзда тутилган.

👉 фарзандлари нодавлат мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда таълим олувчи ота-оналарни 1 апрелдан бошлаб ойига 3 миллион сўмгача бўлган даромад солиғидан озод қилиш;

👉 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияларни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақининг энг юқори миқдорини пенсияларни ҳисоблаш учун базавий миқдорнинг 10 бараваридан 12 бараваригача ошириш;

👉 2027 йилгача мактаб дарсликларини янгилаш ва ўқувчилар ўринлари сонини 6,4 миллионга етказиш учун давлат бюджетидан 605 миллиард сўм (56 миллион доллар) ажратиш;

👉 2022 йили вилоятларда 105 та оилавий тиббиёт пункти ва 31 та оилавий поликлиникани «бир қадам олисда» тамойили бўйича ташкил этиш;

👉 25 дан ортиқ фаолият турларида монополияга барҳам бериш;

👉 «Фуқароларнинг рақамли паспорти» лойиҳасини амалга ошириш орқали аҳолидан туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва ҳайдовчилик гувоҳномаси, аттестат ва диплом каби айрим фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни сўраб олиш амалиётига барҳам бериш;

👉кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш тизимини соддалаштириш

👉 йиллик инфляция даражасини 2022 йили 9 фоизга, 2023 йили 5 фоизга пасайтириш ва бошқа мақсадлар.

Бундан олдин ривожланиш стратегиясини амалга ошириш давлат дастури доирасида жорий йили жами 398 та тадбир режалаштирилгани, уларни амалга ошириш учун 17 миллиард долларга яқин маблағ йўналтирилиши маълум қилинганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ