Тошкент ҳайвонот боғида кичкина қизалоқни айиқлар панжарасига ташлаган аёл унинг онаси бўлиб чиқди. Сўнгги пайтларда у руҳий тушкунликка тушиб қолган, деб хабар қилади Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Қизалоқнинг онаси З.Т., 1991 йили туғилган, Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирида дарс берган. У эри билан икки фарзандни тарбиялаган. Оиладаги вазият яхши бўлмаган, эр-хотинлар тез-тез жанжаллашиб турган, уларни яраштириш истагида маҳалла қўмитаси вакиллари уларнинг олдига бир неча бор ташриф буюрган. Бир муддат аввал аёлнинг турмуш ўртоғи Россияга ишлаш учун кетган, шундан сўнг З.Т. депрессияга тушиб қолган.
Аёл отасининг уйида икки фарзанди билан яшаган. У 2021 йилда «Аёллар дафтари»га киритилган ва унга уй-жой ва ажрим масаласида зарур ҳуқуқий маслаҳатлар берилган. Шунингдек, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан унинг оиласига икки бор озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган.
28 январь куни З.Т ҳайвонот боғига уч ёшли қизини олиб келади. Айиқ билан ўралган жойда туриб, айиқнинг панжарага яқинлашишини кутади, сўнг у болани беш метр баландликдан айиқ олдига ташлайди, нарсаларини йиғиб, нима бўлаётганини кузата бошлайди. Айиқ зовурга тушиб, қизалоққа яқинлашади, қизчани ҳидлаб, сўнг ундан узоқлашади. Ҳайвонот боғи ходимлари айиқни ички қисмга олиб киришади, қизалоқни зовурдан чиқариб олишади.
Қизалоққа дастлаб ҳайвонот боғи ҳамшираси биринчи ёрдам кўрсатади. Шундан сўнг у тез ёрдам машинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган.
Қизча шифохонада барча зарур тиббий кўриклардан зудлик билан ўтказилган. У енгил шок ҳолатида бўлган, баландликдан йиқилиш оқибатида очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши кузатилган. Ҳозирда унинг аҳволи яхши, тиббиёт ходимлари назоратида.
Республика Бош прокуратураси хабарига кўра, аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми «в» банди («Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш») билан жиноят иши қўзғатилган.