Ўзгидромет Ўзбекистонда шамол кучайиши, Бофорт шкаласи бўйича 9 баллгача бўлишини башорат қилди

2021 йил ноябрь, Тошкентдаги чангли бўрон. Андрей Кудряшов фотосурати /«Фарғона»

27—29-январь кунлари Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида шамол тезлиги секундига 17-22 метргача кучайиши кутилмоқда, деб хабар беради «Ўзгидромет».

27 январь куни тушдан кейин Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида шамол 17-22 м/с гача кучайиши, чангли бўрон кўтарилиши мумкин.

28 январь куни Қорақалпоғистон, Хоразм, Тошкент, Самарқанд, Сирдарё, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Жиззах вилоятларида шамол кучи белгиланган қийматларга етади. Айрим туманларда 25-28 м/с гача кучайиши мумкин. Эртаси куни Сурхондарё, Фарғона, Наманган, Андижон вилоятларида шамол 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

«28-29 январда республика ҳудудлари бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, айрим жойларда қорга айланиши мумкин. Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин», — дейилади «Ўзгидромет» хабарида.

Об-ҳавонинг ёмонлашишига Эрондан нам ва салқин ҳаво массасининг Каспий денгизи ва Туркманистон орқали Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши сабаб бўлади.

17-22 м / с бу — ўн икки балли Бофорт шкаласи бўйича 8-9 балл бўлиб, Жаҳон Метеорология Ташкилоти шамол тезлигини ердаги объектларга ёки очиқ денгиздаги тўлқинларга таъсирини тахмин қилиш учун фойдаланади. Шкала 1806 йилда инглиз адмирали Френсис Бофорт томонидан ишлаб чиқилган.

Шкалага кўра, 17,2-20,7 м/с кучга эга шамол «жуда кучли» (баъзи манбаларда – «бўрон») деб белгиланган 8 баллга тўғри келади. Агар қуруқлик ҳақида гапирадиган бўлсак, унда бундай кучли шамол «дарахтларнинг шохларини синдиради, шамолга қарши бориш жуда қийин» бўлади. 20,8-24,4 м / с кўрсаткич Бофорт шкаласи бўйича 9 баллга тўғри келади ва бу аллақачон бўронни англатади: «шамол биноларнинг томларини вайрон қила бошлайди».

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил ноябр ойи бошида Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларини чанг-қум бўрони қамраб олган эди. Табиий ходиса Тошкент, Сирдарё, қисман Жиззах ва Фарғона вилоятларида авж олди. Чангли бўрон Урал томонидан совуқ фронт олиб келган шамоллар туфайли ҳосил бўлган. Унинг ҳаводаги концентрацияси дастлаб беш марта, энг юқори чўққисида — ўттиз марта ошган, кейин эса ўн бараварга камайган. Маълум бўлишича, бундай чанг-қум туманлиги 150 йиллик метеорологик кузатувлар давомида илк марта юз берган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ