Ўзбекистон ҳукумати аэропортларда сурат ва видео тасвирга олишга расман рухсат берди

Uzbekistan Airports матбуот хизмати фотосурати

Жорий йилнинг 1 майидан бошлаб Ўзбекистон аэропортларида ҳаво кемалари парвозларини фото ёки видео тасвирга олиш – авиаспоттингга рухсат берилади. 26 январь куни Вазирлар маҳкамасининг «Авиаспоттингни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, авиаспоттинг Ўзбекистон нуфузини яхшилаш, унинг туристик салоҳияти ва сармоявий жозибадорлигини ошириш, шунингдек, мамлакат аэропортлари ва авиакомпанияларининг тан олинишига ёрдам беради.

Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларида ва унга туташ ҳудудларда парвозлар хавфсизлиги талабларини ҳисобга олган ҳолда босқичма-босқич авиаспорттинг учун кузатув майдончалари ажратилади. 1 майга қадар улар Тошкент ва Самарқанд аэропортларида, 1 июлдан бошлаб мамлакатнинг бошқа аэропортларида пайдо бўлади.

«Ўтган йилнинг 22 октябрь куни Ўзбекистон тарихидаги илк расмий споттингни ўтказганимизда, уч ойдан кейин авиацияга меҳр қўйган инсонлар учун вазият бу қадар кескин ўзгаришини тасаввур қилиш қийин эди. Илгари уларга аэропортдан километр узоқликда туриш ва самолётларни суратга олиш тақиқланган бўлса, энди аэропортлар ўз эшикларини очиб, дўстона муносабатда бўлади. Ўзбекистонда авиаспоттерларни юқори даражада қўллаб-қувватланаётганидан жуда хурсандман», — дея ҳукумат қарорини изоҳлайди Uzbekistan Airports АЖ бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Ўзбекистонда маҳаллий ҳаваскорлар ва профессионал авиаспотчилар учун танловлар чоракда бир марта, хорижий аиваспоттерлар иштирокида эса йилда бир марта ўтказилади. Аэропортларда таълим муассаса ўқувчилари ва талабалари учун очиқ эшиклар кунлари мунтазам ўтказилади.

Uzbekistan Airports компаниясига Мудофаа вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Ўзбекистон Миллий авиация музейини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш топширилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ