Тошкентлик блогер Фозилхўжа Орифхўжаев 7 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор тумани судида 26 январь куни ҳукм ўқилди, деб хабар беради «Тошкент шаҳар судлари» телеграм-канали.
Орифхўжаев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-1-модда 3-қисми «д» банди («Оммавий ахборот воситалари ёки телекоммуникация тармоқларидан фойдаланган ҳолда жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш») бўйича айбдор деб топилди.
Орифхўжаев ўтган йил 28 июнда блогер Аброр Абдуазимов (интернетда Аброр Мухтор Али номи билан машҳур) билан оғзаки жанжалдан сўнг ҳибсга олинган. Орифхўжаев уни «икки юзламачи» деб атаган. У қўлга олинган, телефонидан маҳрум қилинган, майда безориликда айбланиб, 15 суткага ҳибсга олинган.
Блогернинг адвокати Сергей Майоровга ҳибсга олинганининг сўнгги кунида унинг ҳимоясидаги шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берилган. Маълум бўлишича, Орифхўжаевнинг телефонидан Facebook ижтимоий тармоғидаги пост топилган ва унда мусулмонлар бошқа миллат вакилларини диний байрамлари билан табриклаши нақадар ўринли экани таъкидланган. Постни таҳлил қилган давлат эксперти унинг мазмуни «жамиятда ваҳима қўзғатиши» ва уни «диний фундаментализм»га тенглаштириши мумкин, деган хулосага келган.
Майоровнинг сўзларига кўра, тергов изоляторида блогерга нисбатан жисмоний ва руҳий қийноқлар қўлланилган. Орифхўжаевнинг қариндошлари унинг соғлиғи сезиларли даражада ёмонлашгани, у бир неча бор ҳушини йўқотганини айтишган.
Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқларини ташкилоти Ўзбекистон расмийларини Орифхўжаевни зудлик билан ҳибсдан озод қилишга чақирди. «Facebookда дин борасида фикр билдириш мунозарали бўлиши мумкин, аммо бу — жиноят эмас. Бундан ташқари, гап [айни ҳолатда] халқаро меъёрларга мувофиқ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида кетмоқда», — дея таъкидлайди HRW.