Ўзбекистонда террорчиликда гумонланаётган 30 нафар шахс қўлга олинди

Ўзбекистон ДХХ рамзи

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Тошкентда «Катиба Тавҳид вал-Жиҳод»* террорчилик ташкилотига аъзоликда гумон қилинган 30 нафар шахсни қўлга олди. Бу ҳақда республика Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)га таяниб, ТАСС хабар беради.

«Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган қўшма операция давомида «Катиба Тавҳид вал-Жиҳод» террорчилик ташкилотида иштирок этганликда гумон қилиниб, 30 нафар шахс қўлга олинди», — дейилади хабарда.

Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, қўлга олинганлар Андижон, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан пойтахтга ишлаш учун келган. Терговга қадар ўтказилган тадбирлар давомида улар Сурияга кетиб, у ердаги жангарилар сафига қўшилишни режалаштирганликлари аниқланган.

«Катиба Тавҳид вал-Жиҳод» ташкилоти Ўзбекистон Олий судининг 2016 йил 26 сентябрь қарори билан террорчи ташкилот деб тан олинган, унинг фаолияти мамлакат ҳудудида тақиқланган.

Гуруҳ Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб деб аталадиган ҳудудда жойлашган. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари 2017 йил 3 апрель куни Санкт-Петербургда метро поездида теракт уюштирганликда «Катиба Тавҳид вал-Жиҳод» етакчиси Сирожиддин Мухторовни (у Абу Салоҳ ҳамдир) айблади.

Ўшанда 16 киши, жумладан худкуш террорчи, Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган 22 ёшли Акбаржон Жалилов ҳалок бўлган. Ўнлаб одамлар яраланган.

*РФ ва кўпгина мамлакатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ