БМТ Бош котиби Афғонистонни қутқариш учун барча гуманитар операцияларни амалга ошириш кераклигини айтди

БМТ сайти фотосурати

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш халқаро ҳамжамиятни Афғонистонни фалокатдан қутқариш учун зарур бўлган барча гуманитар операцияларга рухсат беришга чақирди. Гутерриш бу ҳақда 26 январь куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг Афғонистонга бағишланган йиғилишида маълум қилди, дея хабар беради халқаро ташкилот матбуот хизмати.

Гутерриш шунингдек, миллионлаб афғонлар очликдан азият чекаётгани, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимлари барбод бўлиш арафасида тургани учун «қутқарув» операцияларини чекловчи ҳар қандай қоида ва шартлар тўхтатилиши кераклигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистонда «Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг, кўплаб гуманитар ташкилотлар ва донор давлатлар Афғонистонда ўз фаолиятини давом эттиришдан бош тортган эди, чунки толиблар узоқ йиллар давомида халқаро санкциялар остида қолиб, террорчи деб тан олинган. Режали хориж ёрдамининг тўхтатилиши Афғонистонни инсонпарварлик инқирозига олиб келди. Бундан ташқари, АҚШ Афғонистон давлатининг Америка банкларида жойлашган 9,4 миллиард долларлик активларини «Толибон» терроризмни молиялаштиришда фойдаланмаслиги учун музлатиб қўйган.

«Биз молиявий институтлар ва тижорат ҳамкорларига санкцияларни бузишдан қўрқмасдан ҳамкорлик қилишлари учун ҳуқуқий кафолатлар беришимиз керак», — деди Гутерриш БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида.

Декабрь ойида Жаҳон банки томонидан бошқариладиган Афғонистонни қайта тиклаш фондининг донорлари мамлакатда озиқ-овқат ва соғлиқни сақлашни қўллаб-қувватлаш учун Жаҳон озиқ-овқат дастури ва ЮНИCEФ (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси)га 280 миллион доллар ўтказишга келишиб олдилар. Гутерришнинг айтишича, жамғармада қолган 1,2 миллиард доллар «Афғонистон халқининг қишдан омон чиқишига ёрдам бериш учун зудлик билан озод қилиниши» керак.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд Хавфсизлик Кенгашига Вашингтон толибларга қарши санкциялар Афғонистондаги гуманитар ишларга тўсқинлик қилмаслиги учун чоралар кўрганини ва мамлакатдаги инқирозни юмшатишнинг турли вариантларини кўриб чиқаётганини эслатди.

Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг (ХҚХҚ) операциялар бўйича директори Доминик Стиллхарт ҳозирда БМТ, ХҚХҚ, Жаҳон банки ва асосий донор давлатлар ўртасида Афғонистон иқтисодиётига нақд пул киритишни қўллаб-қувватлайдиган механизмни яратиш бўйича «қизғин» мунозаралар олиб борилаётганини айтди.

Стиллхартнинг қайд этишича, муҳокамалар афғон активларини музлатиш ёки толибларга қарши санкцияларни ўзгартириш ҳақида эмас. Унинг сўзларига кўра, Афғонистонни қайта тиклаш мақсадли жамғармаси маблағларидан «Толибон» томонидан тўлиқ назорат қилинадиган хавфсизлик тизими билан боғлиқ бўлмаган мамлакат давлат сектори ходимларига иш ҳақини тўлаш учун фойдаланишни ҳам ўз ичига олган алоҳида лойиҳа муҳокама қилинмоқда. .

Таъкидлаш жоиз, 26 январь куни Ослода толиблар делегацияси ва Афғонистон фуқаролик жамияти вакиллари ўртасидаги уч кунлик музокаралар якунига етди. Улар сезиларли натижаларга олиб келмади.

Эслатиб ўтамиз, «Толибон» мунтазам равишда инсон ҳуқуқларини бузиб келади ва аёлларни камситади. Айнан толиблар сиёсати қатор давлатлар томонидан «Толибон» ҳукуматининг тан олинишига ва радикал ҳаракатга нисбатан санкцияларнинг бекор қилинишига тўсиқ бўлмоқда.

* «Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ