Электр таъминотидаги узилиш муносабати билан Ўзбекистондаги барча аэропортлар ўз фаолиятини тўхтатди, деб хабар қилди Uzbekistan Airports матубот хизмати.
«Тошкент аэропортида «Тошкент-Нур-Султон» йўналиши бўйича HY-721 рейсининг барча йўловчилари божхона, паспорт назорати ва хавфсизлик текширувидан ўта олмадилар. Олмаота – Тошкент HY-722 рейси Навоийдаги муқобил аэродромга йўл олди. Шунингдек, Air Astana авиакомпаниясининг Олмаота-Тошкент йўналиши бўйича КC-127 рейси экипажи жўнаб кетган аэропортга қайтишга қарор қилди», — дейилади компания хабарида.
Шунингдек, Наманган, Андижон, Фарғона, Термиз, Қарши, Урганч, Бухоро, Нукус ва Самарқанд аэропортлари ҳам электр энергиясисиз қолган. Айни пайтда электр энергияси фақат Навоий аэропортида мавжуд. Электр тармоқлари таъмирланганидан сўнг аэропортлар ўз фаолиятини тиклайди, деб хабар қилди Uzbekistan Airports.
Бишкекдаги «Манас» аэропорти автоном электр таъминотига ўтган. «Аэропорт нормал режимда ишлаяпти, аммо тўлиқ режимда эмас. Бишкек-Исломобод чартер рейсига рўйхатдан ўтиш вақтинча тўхтатилди», — дея маълум қилди аэропорт матбуот хизмати 24.kg нашрига.
Олмаотада аэропорт мунтазам режимда ишлаяпти. Шаҳарда метро ва темир йўл вокзаллари ҳам ўз фаолиятини давом эттирмоқда, бироқ троллейбус линиялари токсиз қолган.
25 январь куни эрталаб Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг кўплаб вилоятларида электр энергияси бирдан узилиб қолди. Электр энергияси, хусусан, йирик шаҳарлар – Олмаота, Тошкент, Бишкекда узилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ток узилиши «Қозоғистоннинг Шимолий-Шарқий-Жанубий» электр тармоғидаги авария сабабли содир бўлган.