Ўзбекистон Олий суди экстремистик каналлар ва ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлар рўйхатини янгилади

steemit.com сайти фотосурати

Ўзбекистон Адлия вазирлиги суд қарори билан экстремистик деб топилган каналлар ва ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларнинг янгиланган рўйхатини эълон қилди.

Рўйхатга 166 та сайт, аккаунт ва каналлар киритилган. Улар орасида видеоматериаллар, Телеграм каналлари ва жисмоний шахсларнинг аккаунтлари бор.

Адлия вазирлиги матбуот хизматининг эслатишича, амалдаги қонунчиликка кўра, экстремистик деб топилган ва Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар рўйхати Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва республика Олий судининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

2018 йили Ўзбекистон ҳукумати «интернетда экстремистик, ташвиқот ёки нафрат мазмунини тарғиб қилувчи» ОАВларни блоклашга рухсат берувчи қарор қабул қилган. 2019 йил май ойида Адлия вазирлиги экстремистик деб тан олинган 42 та ахборот ресурслари рўйхатини эълон қилди.

2020 йил январь ойида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан мамлакат ҳудудига олиб кириш, ишлаб чиқариш ва тарқатиш тақиқланган диний материалларнинг янги рўйхати ишлаб чиқилди. Рўйхат 40 саҳифадан ортиқ. Унда Ўзбекистонда диний экстремист ва террорчи деб тан олинган ташкилотлар, айрим уламолар ва шахсларга тегишли маърузалар, китоблар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар ўрин олган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ