Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида электр энергияси узилди

Ижтимоий тармоқ фотосурати

Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг бир қанча вилоятларида 25 январь куни эрталаб бирдан электр энергияси узилиб қолди. ОАВ ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари айни дамда Олмаотанинг Медеу, Жетису, Турксиб, Бостандик, Олатау, Ауезов ва Науризбай туманларида, шунингдек, Чимкент, Тараз ва Талдиқўрғонда электр энергияси йўқлигини хабар қилмоқда. Олмаота, Жамбил ва Туркистон вилоятлари аҳолисидан электр энергияси йўқлиги ҳақида шикоятлар келиб тушмоқда.

Қирғизистоннинг Бишкек, Ўш шаҳри ва Иссиқкўл вилоятининг бир қисми, шунингдек, Ўзбекистоннинг бир қанча шаҳарлари — Тошкент, Самарқанд, Қўқон, Бухоро электр таъминотисиз қолди. Тошкентда электр таъминотидаги узилиш туфайли метро ишини тўхтатди, айрим ҳудудларда сув таъминоти тўхтаб қолди.

«Қирғизистон Миллий электр тармоғи» маълум қилишича, Марказий Осиёнинг бутун ягона энергетика тизимида автоматик равишда узилиш содир бўлган, ҳозирда тизим нормал режимга қайтарилмоқда. Қирғизистонда электр энергияси бир соат ичида қайта тикланиши кутилмоқда.

Олмаота энергетика бошқармаси KEGOC (Қозоғистон электр тармоқларини бошқариш компанияси) линияда фавқулодда узилиш бўлганини таъкидлади: «Тармоқдаги кучланиш пасайиб кетди, «Алатау Жарик Компанияси» подстанцияларида автоматик частотали юк тушириш тизимлари ишга тушган.

Қайта улаш ишлари олиб борилмоқда. KEGOC ҳозирда Қозоғистоннинг ягона энергетика тизимида электр энергияси ва қувват балансини сақлаш билан боғлиқ кескин вазият мавжудлигини маълум қилди. Компания 31 январгача рақамли қазиб олиш (майнинг) билан шуғулланувчи шахсларга режалаштирилган электр энергиясини етказиб беришни бутунлай бекор қилишга ваъда берди.

Марказий Осиё энергетика тизимидаги носозлик минтақанинг энергетика тизимларидан бирида юз берди. «Марказий Осиё (Ўзбекистон, Қирғизистон) энергетика тизими томонидан яратилган жиддий фавқулодда номутаносиблик туфайли 500 кВ «Шимолий-Шарқий-Жанубий Қозоғистон» электр энергиясини [электр узатиш линиялари орқали] транзит қилиш учун қувватнинг кўтарилиши кузатилди. Натижада, Қозоғистоннинг жанубий зонасидаги истеъмолчиларнинг катта қисмида ток узилиши билан «Қозоғистоннинг Шимолий-Шарқий-Жанубий» транзити фавқулодда ажратилди. Чекловлар ҳажми тахминан 1500 мегаваттни ташкил қилади. Ҳозирда KEGOC тизим оператори аварияни бартараф этиш чораларини кўрмоқда”, — дейилади KEGOC хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон минтақанинг Ягона энергия тизимига (ЯЭТ) аъзо ҳисобланади. Марказий Осиё давлатларининг энергетика тизимлари советлар даврида ҳам ўзаро узвий боғлиқ эди. 2003 йили Туркманистон ЯЭТдан чиқди, 2009 йили эса Тожикистон уни тарк этди, бироқ у ҳозирда энергетика ҳалқасига қайтиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ