Ўзбекистон Марказий банки Россиянинг «Газпромбанк» АЖ ваколатхонасини аккредитациядан ўтказди.
«Ваколатхона Ўзбекистоннинг давлат органлари, молия-кредит ташкилотлари, таълим ва тадбиркорлик субъектлари билан алоқаларни йўлга қўйиш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, банкнинг халқаро бизнесини ривожлантиришга кўмаклашиш, банк томонидан жорий йилда республикада амалга оширилаётган ташаббус ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган», — дейилади регулятор баёнотида.
«Газпромбанк» Ўзбекистондаги қатор лойиҳаларда иштирок этмоқда. Жумладан, банк 2021 йил декабр ойида ишга туширилган Қашқадарёдаги Uzbekistan GTL синтетик суюқ ёқилғи заводи қурилишини молиялаштирган.
«Газпромбанк» шунингдек, Akkermann Cement CA томонидан «Оҳангаранцемент» АЖнинг 98,6 фоиз улушини сотиб олишни молиялаштирди, деб хабар қилди 24 январь куни банк матбуот хизмати.
«Цемент саноатини ривожлантириш учун кредитлар ажратиш орқали биз анъанавий равишда барқарор молиялаштиришга катта эҳтиёж сезаётган қурилиш соҳасида кўплаб улкан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун замин яратаётганимизни тушунамиз. Шунингдек, ушбу ташаббус Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп томонлама стратегик шерикликни янада кенгайтиришга қаратилганини қайд этиш лозим», — деди Газпромбанк бошқаруви раисининг ўринбосари Алексей Белоус.
Akkermann Cement CA бренди остидаги компаниялар гуруҳи тадбиркор Алишер Усмоновнинг USM холдинги таркибига киради. 2021 йили Akkermann Cement CA 4 миллион тоннага яқин цемент ишлаб чиқарди. Компаниянинг асосий активлари Новотроицк (Оренбург вилояти) ва Горнозаводск (Перм вилояти)даги цемент заводларидир. Энди улар сафига Тошкент вилоятидаги «Оҳангаранцемент» қўшилади. Akkermann Cement CA директорлар кенгаши раиси Антон Селявконинг сўзларига кўра, заводнинг барча фойдаси Ўзбекистонда қолади ва республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга йўналтирилади.
Ўтган йилнинг июн ойида Ferkensco Management Limited инвестиция холдинг компанияси ва «Газпромбанк» ўртасида Ўзбекистонда ҳамкорликда учта корхона қуриш битими имзоланди: Сирдарё вилоятида аммиак асосидаги комплекс минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи заводи, Самарқанд вилоятида комплекс минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ва Навоий вилоятидаги фосфорит конида бойитиш заводи шулар жумласидан.
Яқин келажакда «Газпромбанк» Ўзбекистон иқтисодиётига 1,1 миллиард доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда. «Ўзбекнефтгаз» маълумотларига кўра, инвестициялар Шўртан газ-кимё мажмуасида тозаланган метан асосида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш лойиҳасига йўналтирилади. Бошқа кредиторлар қаторида Газпромбанк уни амалга ошириш учун 120 миллион доллар ажратади.
«Газпромбанк» ҳажм кўрсаткичлари бўйича Россия банк саноати етакчилари учлигидан, шунингдек Марказий ва Шарқий Европадаги энг йирик молия институтларидан бири ҳисобланади. Банк Россия иқтисодиётининг асосий тармоқларига — газ, нефт, кимё ва нефт-кимё, металлургия, электроенергетика, машинасозлик, транспорт, қурилиш, алоқа, агросаноат комплекси, савдо ва бошқаларга хизмат кўрсатади.