Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчи томонидан бир хил таркибдаги дори воситаларини турли савдо номлари остида чиқаришга қўйилган чеклов бекор қилинди. Бу Президентнинг «2022-2026-йилларда республика фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.
Чеклов халқаро брендлар асосида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш, шунингдек, мавжуд қувватлардан тўлиқ фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида олиб ташланмоқда, дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, донор қонини тўплаш ва унинг асосида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни хусусий тартибда амалга оширишга тақиқ ҳам бекор қилинади. Соғлом кўнгиллиларда дори воситаларининг клиник синовларини ўтказишга рухсат берилади.
Фармон билан фармацевтика тармоғини 2022–2026-йилларда ривожлантиришнинг прогноз параметрлари ҳамда 2022–2024-йилларда ҳудудларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари манзилли дастури тасдиқланди. Бу даврда фармацевтика саноатида ишлаб чиқариш ҳажми уч баробар ошиши кутилмоқда.
2022 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларининг фармацевтика маҳсулотларини хорижий мамлакатларда рўйхатдан ўтказиш учун харажатларининг 75 фоизи Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қопланади.
1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг янги фармацевтика маҳсулотлари чекланмаган муддатга рўйхатдан ўтказилади. Илгари берилган сертификатлар амал қилиш муддати тугагандан сўнг, у чексиз муддатга 15 кун ичида қўшимча ҳужжатлар талаб қилинмасдан алмаштирилади.
2023 йил 1 январдан фармацевтика маҳсулотлари бўйича давлат харид танловларида фақатгина «Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)» стандартлари асосида дори воситаларини, «ISO:13485» стандартлари асосида тиббий буюмлар ва тиббий техникани ишлаб чиқаришни ташкил этган ташкилотлар ва «Зарур дистрибьюторлик амалиёти (GDP)» стандартларини жорий этган улгуржи савдо ташкилотлари қатнашишига рухсат берилади.
2025 йил 1 январгача бўлган муддатга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган технологик ва лаборатория жиҳозлари, бутловчи буюмлар ва уларга эҳтиёт қисмлар, «тоза хоналар», сендвич-панеллар ва вентиляция тизимлари божхона тўловларидан озод этилди. Лаборатория ҳайвонларини парвариш қилиш, клиникадан олдинги тадқиқотлар ва дори воситаларини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган хомашё, материаллар ва тиббиёт буюмлари импорти учун ҳам худди шундай имтиёзлар назарда тутилган.
Фармонда бошқа чора-тадбирлар ҳам назарда тутилган. Жумладан, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерига қўшимча 80 гектар ер ажратиш кўрсатилган.
Аввал хабар қилинганидек, 2022-2026 йилларда Ўзбекистон ҳукумати фармацевтика саноатида умумий қиймати 1,25 миллиард доллар бўлган 104 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда, бу эса ички бозорни таъминлаш кўрсаткичини жорий 55 фоиздан 80 фоизгача кўпайтириш имконини беради.
2017 йил май ойида фармацевтикага ихтисослашган эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш тўғрисида фармон қабул қилинган эди. Бундай ЭИЗлар Нукус (Қорақалпоғистон), Зомин (Жиззах вилояти), Косонсой (Наманган вилояти), Сирдарё (Сирдарё вилояти), Бойсун (Сурхондарё вилояти), Бўстонлиқ ва Паркент вилоятларида (Тошкент вилояти) пайдо бўлди. Натижада фармацевтика ишлаб чиқариш деярли икки баробар ошди.