Халқаро ташкилотлар Афғонистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи икки афғон аёлининг ўтган ҳафтада «Толибон» жангарилари томонидан ҳибсга олингани ва олиб кетилганига муносабат билдирди.
БМТнинг Афғонистондаги миссияси «чоршанбага ўтар кечаси [19январь] уйларидан ўғирлаб кетилгани хабар қилинган Тамана Заряби Паряни (Tamana Zaryabi Paryani) ва Паравана Иброҳимхел (Parawana Ibrahimkhel) нинг ғойиб бўлишидан хавотир билдирди.
«Биз толибларни аёлларнинг қаерда экани ҳақида маълумот беришга ва барча афғонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирамиз», — дейилади миссия баёнотида.
Фаоллар Парияни ва Иброҳимхел Кобулда аёллар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир неча бор намойишлар уюштирган. Эслатиб ўтамиз, ўтган йил август ойида Афғонистонда ҳокимият қўлга киритилган толиблар доимий равишда маҳаллий аёллар ҳуқуқларини поймол этиб келмоқдалар. Қизлар мактаб ва давлат университетларида ўқиш имкониятидан маҳрум қилинмоқда, радикаллар аёлларга ишлашни тақиқламоқда, аёллар ташкилотлари тугатилмоқда. Сўнгги пайтларда «Толибон» барча афғон аёлларини паранжи ёпиниб юришга мажбур қилмоқда.
16 январь куни Парияни Кобулда паранжи кийиш мажбурийлигига қарши митинг уюштирди. Бир неча кундан кейин толиблар фаолларнинг уйларига бостириб кирган. Парияни ва Иброҳимхел ҳибсга олинганидан икки кун ўтиб, 21 январь куни «Толибон» уларнинг ўғирланишига алоқаси йўқлигини эълон қилди.
«Биз ҳибсга олинган икки фаолнинг қаерда эканидан қаттиқ хавотирдамиз... улар бедарак йўқолган ва улар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Толиблар аёлларни ўғирлаганликларини рад этди ва уларнинг қаерда экани ва топишга ҳаракат қилиш режалари борасида маълумот беришмади»— деди Хизер Барр (Heather Barr), Human Rights Watch ташкилотининг аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш департаменти раҳбари ўринбосари.
Парияни ва Иброҳимхелнинг ғойиб бўлиши Афғонистондаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида кескин норозиликларга сабаб бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 23 январь куни Ослода толиблар делегацияси ва Афғонистондаги фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида уч кунлик музокаралар бошланди. Музокараларда Норвегия расмийлари ҳам иштирок этмоқда.
* «Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).