Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Европарламент резолюциясини нохолис деб ҳисоблади

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистондаги вазият бўйича Европарламент томонидан қабул қилинган резолюция нообъектив маълумотларга асосланган ва фожиали январь воқеаларига холис баҳо бермаган, деб таъкидлайди республика Ташқи ишлар вазирлиги.

«Биз Қозоғистон Республикаси раҳбарияти ташаббуси билан бошланган расмий тергов натижалари эълон қилинмагунча бундай ҳужжатларни қабул қилишни номақбул деб ҳисоблаймиз. Текширув натижалари халқаро ҳамжамиятга тақдим этилишини яна бир бор тасдиқлаймиз.

Резолюция лойиҳасини ишлаб чиқишда Европарламент депутатлари ва унинг таркибидаги сиёсий гуруҳлар Қозоғистон расмийларидан аниқ маълумот ва тушунтиришлар сўрамаганини таъкидлаймиз», — дейилади вазирлик хабарида.

Қозоғистон расмийларига кўра, европалик депутатлар бир қатор хорижий оммавий ахборот воситаларида хавфсизлик кучларининг террорчиларга қарши қонуний ҳаракатлари тўғрисидаги хабарларидаги ноаниқликларга доир ТИВ позициясига эътибор бермаган.

«Европа парламентининг ушбу резолюцияси шошма-шошарлик билан қабул қилиниши Қозоғистон Республикаси Президентининг демократик институтларни мустаҳкамлаш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган сиёсий ислоҳотларини амалга ошириш жараёнига зиён етказади», — дея хулоса қилади вазирлик.

Мазкур резолюция Европарламент депутатлари томонидан бир кун аввал қабул қилинган эди. Жумладан, унда Қозоғистондаги воқеалар бўйича халқаро текширув ўтказиш ва Қозоғистоннинг бир қатор юқори мартабали амалдорларига нисбатан санкциялар қўллаш талаб қилинган.

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • YouTubeда тинчлик даврида ҳалок бўлган қозоғистонлик аскарлар ҳақида фильм эълон қилинди