Ўзбекистонни Афғонистон орқали Покистон билан боғлайдиган темир йўл йўналиши тасдиқланди

TOLOnews сайти фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган ҳукумат Ўзбекистон ва Покистонни боғлайдиган трансафғон темир йўлининг йўналишини тасдиқлади. Бу ҳақда толибларнинг расмий вакили Иномуллоҳ Самангоний ўзининг Twitterдаги саҳифасида маълум қилди.

Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф шаҳридан Бағлон ва Бомиён вилоятлари орқали темир йўл линияларини ётқизиш режалаштирилмоқда.

Йўналишнинг хабарда акс этмаган қисми аллақачон келишилган — Парвон вилояти орқали Кобулга, у ердан Жалолободга ва Афғонистон-Покистон чегарасидаги Торхам назорат-ўтказиш пунктигача темир йўли ётқизилади.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилдан буён ўзбек мутахассислари томонидан қурилган Термиз шаҳри ва Мозори Шарифни боғловчи темир йўл аллақачон ишламоқда.

«Фарғона» ўтган йил декабр ойида толиблар ҳукуматининг Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттаки ва Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Махкамов 2022 йил баҳорида ўзбек томони трансафғон темир йўл қурилиши бўйича ишларни бошлашига келишиб олгани тўғрисида хабар берганди.

Ушбу темир йўлнинг Мозори Шариф — Кобул — Пешовар (Покистоннинг Торхам назорат пунктига энг яқин шаҳри) йўналиши бўйлаб узунлиги тахминан 537 км. Қурилиш 4,8 миллиард долларга баҳоланган.

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Ариповнинг сўзларига кўра, трансафғон темир йўл қурилишининг ижтимоий иқтисодий самараси янги ишчи ўринлари яратилиши, йўл бўйи инфратузилмаси барпо этилиши, темир йўл трассаси бўйлаб бой фойдали қазилмалар захираларини ўзлаштириш учун шарт-шароитларни шаклланишида намоён бўлади. Биргина полотно қурилиши давомида қўшимча 264 та кўприк, 7 та туннел, 641 та сув ўтказгич қуриш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Арипов таъкидлаганидек ««Мозори Шариф-Пешовар линияси» Марказий ва Жанубий Осиёнинг кенг кўламли инфратузилмавий боғланишининг бир қисмига айланади».

Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, Покистондан Ўзбекистонга юк ташиш ҳозиргидек 35 кун эмас, балки 3-5 кун давом этиши кутилмоқда. Шу билан бирга, битта стандарт юк контейнерини ташиш нархи қарийб уч баробарга камайиши мумкин. Прогнозларга кўра, ушбу йўналиш бўйлаб юк ташиш ҳажми йилига 10 миллион тоннага етади.

* «Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ