Ўзбекистонда 24 январдан бошлаб барча турдаги мактаб ва лицейлар, олий ва касб-ҳунар таълим муассасалари бир ой муддатга масофавий таълимга ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари матбуот хизматлари хабар берди.
Таъкидланишича, ушбу чора Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиология хизмати таклифига кўра, болалар ва ёшлар ўртасида коронавируснинг янги «омикрон» штамми тарқалиши хавфининг олдини олиш мақсадида кўрилган. Вазирликлар таъкидлашича, онлайн ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича аллақачон тажриба мавжуд, шунинг учун у барча зарур ресурслар сафарбар қилинган ҳолда сифатли ўтказилади.
Масофавий шаклда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун Миллий телерадиокомпаниянинг телеканаллари ҳамда «Онлайн мактаб» телеграм канали орқали бериб борилади. Дарслар жадвали кунлик равишда «Онлайн мактаб» телеграм канали орқали эълон қилиб борилади.
Хабарда таъкидланишича, авиа ва темирйўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирмаларини сақлаб қолинади ва 2022-йил 24-февралга қадар авиа ва темирйўл чипталари бепул тарзда бошқа муддатга алмаштириб берилади. «Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, сиздан йўл чипталарини алмаштиришни бир ойлик муддат давомида қайтиш санаси аниқ бўлгандан кейин шошмасдан амалга оширишингизни сўраймиз!» — қўшимча қилади Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги.
Бундан олдин Ўзбекистонда қишки таътилни 24 январга қадар узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган эди – бундай чора мактаб раҳбарларининг малакасини ошириш курслари ташкил этилиши ҳамда ўқувчилар ўртасида мавсумий грипп тарқалишининг олдини олиш мақсадида кўрилганди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 20 январь ҳолати бўйича республикада бир кунда 1321 та янги коронавирус инфекцияси аниқланган ва бу бутун пандемия давридаги энг юқори кўрсаткичдир.