Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди журналист Анастасия Павленкони Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг учта моддаси бўйича айбдор деб топиб, жаримага тортди. Бу ҳақда «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи Мирзо Субхонов «Фарғона»га маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Анастасия Павленкога кодекснинг 41- («Ҳақорат қилиш»), 45 — («Фуқароларнинг уй-жой дахлсизлигини бузиш»), 46-(«Фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор қилиш»), 202-2 – («Ёлғон ахборот тарқатиш») моддалари бўйича айблов қўйилган. Биринчи моддага кўра, журналист оқланган, қолганларига кўра у айбдор деб топилган.
Анастасия Павленко «Самаркандкий вестник» газетаси бош муҳаррири ўринбосари, «Самарқанд асраб қоламиз» гуруҳи фаоли. У ҳамфикрлари билан бирга, жумладан машҳур совет рассоми Павел Беньковга тегишли бўлган ва Ўзбекистон маданий мероси рўйхатига киритилган уйнинг вайрон бўлишига қарши курашмоқда. Масалан, у ўтган йили уйнинг ҳовлисида ҳандақ қазилганини ёзган эди.
«Беньков уйи ҳовлисига ташриф буюрганимда, машҳур рассом манзараларида тез-тез акс этган ҳовли ҳақиқатан ҳам ғойиб бўлгани маълум бўлди. Унинг ўрнига камида тўрт метр чуқурликда ҳандақ қазилган, атрофдаги уйлар деворларини силкитиб, экскаватор ишлар эди», — деган Павленко.
Унинг сўзларига кўра, уй эгаси Павленкони ҳақорат ва туҳмат қилгани учун жавобгарликка тортилишини талаб қилиб, судга мурожаат қилган.
18 январь куни очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Судя Анастасия Павленкони айбдор деб топди ва унга энг кам иш ҳақининг етти бараварида, яъни қарийб 6 миллион сўм ($533) миқдорида жарима солишга қарор қилди.
«Бунчалик беадаб ҳакамликни ҳеч ким кўрмаган. Судда менга очиқдан-очиқ туҳмат қилишди, ҳақорат қилишди, ҳимояланиш ҳуқуқи берилмади, барча илтимосномалар, жумладан, судя Рўзиевни лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги аризалар, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 48 ва 54-моддалари асосида эксперт ва мутахассисларнинг иштирок этишини талаб қилган баёнотларим рад этилди. Гувоҳлар сўроқ қилинмади, ЭНГ МУҲИМ МЕНИ МАТEРИАЛЛАР БИЛАН РУС ТИЛИДА ТАНИШТИРИШМАДИ! Бу Конституция ва процессуал кодекснинг тўлиқ бузилишидир! Судя ҳатто маслаҳатлашиш ёки танаффусга ҳам кетмади, балки олдиндан тайёрланган қарорни ўқиб берди ва бунга барча гувоҳ бўлди», — деди Павленко суддан кейин.
Унинг таъкидлашича, судда унинг айбига оид ҳеч қандай далил тақдим этилмаган. Павленко суд қарори устидан шикоят қилмоқчи.
Мирзо Субхонов бу иш бўйича суд жараёни бир йилдан бери давом этаётгани, суд тўрт марта ишни қайтарганини айтди. Сабаби, иш бўйича барча материаллар ўзбек тилида бўлиб, Павленко ишнинг нозик жиҳатларини чуқурроқ тушуниш даражасида ўзбек тилини билмаган. Аммо бу сафар суд ишни қайтармаган.
Павленко аъзо бўлган «Эзгулик» ташкилоти журналистни жамоат ҳимоячилари билан таъминлашни режалаштирган, бироқ судя уларни суд мажлисига қўймаган.
«Бундан ташқари, суд иш материалларини ёзма равишда рус тилига таржима қилишдан бош тортди, бу билан судланувчи ҳуқуқларини бузди. Суд, шунингдек, ижтимоий тармоқдаги постга лингвистик экспертиза ўтказишдан бош тортди ва эксперт хулосаси бўлмаганига қарамай, бу постни ҳақиқатга тўғримас деб топди», — дейди Субханов.
Субханов айнан қайси пост назарда тутилганини билмайди ва биз материални тайёрлаш вақтида Анастасия Павленко билан боғлана олмадик.
«Анастасиянинг барча илтимослари рад этилди. Мана шунинг учун ҳам суд нохолис бўлган, деб ҳисобйлаймиз», — деди ҳуқуқ ҳимоячиси.
«Судда ҳатто аризачининг ўзи ҳам Павленко постидан сўнг қурилиш ноқонуний деб топилиб, тўхтатилганини тан олди. Аёл маданий меросни ҳимоя қила олди, лекин ўзи жавобгарликка тортилди.
Бу жуда ёмон, чунки кейинги сафар унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши мумкин», — дея қўшимча қилди Субханов.
Санъатшунос Гулжахон Темурова таъкидлаганидек, вайронагарчилик хавфи остида турган уй тарихийдир: «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, рассом Павел Петрович Беньков 1928 йилда Самарқандга келган ва шу ерда ўзининг энг яхши асарларини яратган, улар нафақат Ўзбекистонда, балки Россияда – Третяков галереяси, Москвадаги Шарқ халқлари давлат музейида ҳам сақланмоқда. Эслатиб ўтаман, илк санъат коллежи айнан Самарқандда ташкил этилган бўлиб, унинг асосчиси Павел Петрович эди. У республикадаги машҳур илк миллий кадрларни, рассомларни тарбиялаган эди».