Пентагон: Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтилган самолётлар Афғонистонга қайтарилмайди

Собиқ афғон ҲҲК MD-530F вертолётлари. Aamaj News сайти фотосурати

АҚШ Мудофаа вазирлиги ўтган йил август ойида афғон ҳарбийлари томонидан Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтилган самолётлар Афғонистонга қайтарилмайди, деб ҳисоблайди. Пентагон матбуот котиби Жон Кирбининг 18 январь куни берган мазкур баёноти вазирлик матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, август ойида «Толибон»* радикал ҳаракати Афғонистоннинг йирик шаҳарларини деярли қаршиликсиз қўлга киритганида, Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучлари хизматчилари Кобул ва Мозори Шариф аэропортларидан бир неча ўнлаб самолёт ва вертолётларни ўғирлаб кетишган ва кейинчалик улар Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудига қўнишган.

Ҳокимият толиблар томонидан қўлга киритилгунга қадар Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларида 164 та турли хил самолётлар бўлган. «Толибон»га кўра, вертолёт ва самолётларнинг ярми қўшни давлатларга олиб кетилган. Улар орасида A-29 Super Tucano ҳужумчи самолётлари, UH-60 Black Hawk, MD-530 ва Ми-17 вертолётлари бор.

Авиатехникани олиб қочган афғон ҳарбийлари АҚШ воситачилигида Ўзбекистон ва Тожикистондан учинчи давлатларга олиб кетилди. Собиқ Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларининг самолёт ва вертолётлари Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида қолмоқда.

Кирбининг сўзларига кўра, Пентагон ўғирлаб кетилган самолётлар ва вертолётларни қаерга жойлаштириш масаласини ҳал қилиш устида ишламоқда.

«Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, ҳарбий техникалар толиблар қўлига қайтарилмайди», — дея қўшимча қилди у.

11 январь куни толиблар ҳукуматининг Мудофаа вазири мулла Муҳаммад Ёқуб собиқ Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларининг ўғирланган вертолётлари қайтарилмаса, бу Тожикистон ва Ўзбекистонга «қимматга тушиши» билан таҳдид қилди.

Бу таҳдиддан сўнг Ўзбекистон Афғонистонга ҳеч қандай тушунтириш ва эълон қилмасдан электр энергияси етказиб беришни 60 фоизга қисқартирди. Бир кундан кейин таъминот тўлиқ тикланди. Толиблар мазкур муаммо ҳал қилингани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирди ва уларнинг ҳукумати «барча қўшнилари билан яхши ва мустаҳкам муносабатлар ўрнатиш тарафдори» эканини билдирди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам, Тожикистон ҳам ўғирлаб кетилган афғон ҳарбий самолётларига доир ҳеч қачон расмий изоҳ бермади.

* «Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ