Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати яқин 15 кун ичида давлат университетларида тўртинчи курс талабалари учун дарслар бошланишини ваъда қилди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали толиблар ҳукуматининг Олий таълим вазири ўринбосари Лутфуллоҳ Хайрхва (Lutfullah Khairkhwa) баёнотига таяниб хабар беради.
Хайрхва афғон таълим тизимида ҳуқуқ ва сиёсатшунослик факультетлари бекор қилингани ҳақидаги миш-мишларни рад этди, бироқ толиблар америкапараст собиқ ҳукуматнинг гуманитар фанларни ўқитиш усулларини ҳам жорий этмасликларини айтди. «Факультетларга келсак, бирорта факультет ёпилмайди»,— деди у.
Бундан ташқари, Хайрхва Афғонистонни тарк этган ўқитувчиларни қайтишга ва вазирлик билан биргаликда мамлакатда янги олий таълим тизимини қуришга чорлади.
Таъкидлаш жоиз, Афғонистон давлат университетлари ўтган йил август ойида «Толибон» томонидан мамлакатда ҳокимият қўлга киритилгач, ўз фаолиятини тўхтатган эди.
Бундан олдин «Фарғона» 12 январь куни толиблар ҳукумати Олий таълим вазири Абдул-Бақий Ҳаққоний «яқин кунларда» эркак ва қиз талабалар учун давлат университетларини қайта очишга ваъда бергани ҳақида хабар берганди. Ҳаққоний давлат университетларининг қайта очилишининг ойлар давомида кечикишига Афғонистондаги иқтисодий инқироз ва эркак ва қиз талабалар учун алоҳида синф хоналарининг йўқлигини сабаб қилиб кўрсатган эди.
Бундан ташқари, толиблар ҳукумати янги ўқув йили – 21 мартдан бошлаб бутун Афғонистон мактабларида қизларнинг ўқишига рухсат берилишини ваъда қилди. Айни пайтда Афғонистоннинг 34 вилоятидан фақат 7 тасида қизларнинг мактабда ўқиш имконияти мавжуд.
* «Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).