Мирзиёев ҳоким ёрдамчиларини президентнинг маҳалладаги вакиллари деб атади

bk55.ru сайти фотосурати

Ҳоким ёрдамчилари – Президентнинг маҳалладаги вакилларидир. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

«Бир нарсани ҳамма аниқ тушуниб олиши зарур. Ҳоким ёрдамчилари – Президентнинг маҳалладаги вакиллари ҳисобланади. Уларнинг асосий вазифаси – ўз маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўрни яратиш, камбағалликни қисқартириш ва оилалар даромадини кўпайтиришдан иборат»,

— дея давлат раҳбари сўзларини келтиради унинг матбуот хизмати.

Бунинг учун ҳоким ёрдамчилари ҳар қандай бюрократиядан холи бўлиши, ҳеч қайси ҳоким ёки раҳбар уларни мажлисларга чақирмаслиги, турли ҳисоботлар билан «кўмиб ташламаслиги» лозим. Улар учун фақат шароит яратиб бериши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

«2022 йилни Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили, деб эълон қилдик. Шу боис бу йил барча маҳаллаларда туб ўзгаришлар бўлиши керак», – деди давлатимиз раҳбари.

Янги йилдан 9 минг 309 нафар «ҳоким ёрдамчилари» иш бошлади. Ҳоким ёрдамчилари «темир», «аёллар» ва «ёшлар» дафтарлари доирасида ўз маҳаллаларида ўрганишлар ўтказиб, ижтимоий реестрни қайтадан янгилаши лозимлиги таъкидланди.

Бунда, энг аввало, ишлаш имконияти ва хоҳиши бор, лекин шароити оғир оилаларни ўқитиш ва ўз ишини бошлаши учун имтиёзли кредит, субсидия ёки деҳқон хўжалиги учун уларга ер майдонлари ажратиш йўлга қўйилади.

Ушбу мақсадлар учун жорий йилда 10 триллион сўм имтиёзли кредит ва 2,5 триллион сўм субсидия (ҳар бир маҳаллага ўртача 1,3 миллиард сўм) ажратилиши маълум қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ