Ўзбекистонда COVID-19 билан касалланганлар сонининг кунлик ўсиши бўйича рекорд ўрнатилди

Подробно.uz сайти фотосурати

16 январь куни Ўзбекистонда 1037 нафар коронавирус инфекцияси қайд этилди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати. Шундай қилиб, эпидемия бошланганидан бери кунлик ўсиш рекорди – 2021 йил 5 августда қайд этилган 974 та ҳолат янгиланган.

Касалланганларнинг ярмидан кўпи – 535 нафари Тошкент шаҳрида, 172 нафари Тошкент вилоятида қайд этилган. Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида касалланганлар сони 8 тадан (Навоий вилояти) 55 тагача (Самарқанд вилоятида) миқдорда бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги касалланганлар сонининг кескин кўпайиши вируснинг янги штамми – «омикрон» — аввалги мутацияларга қараганда юқумлироқ экани билан изоҳлайди, лекин кўпчилик одамларда касаллик энгил кечади.

«Шу сабабли юртдошларимиздан ортиқча хавотирга берилмасликларини, карантин қоидаларига қатъий риоя этиб, коронавирусга қарши тўлиқ эмланишларини сўраймиз», — дейилади вазирлик хабарида.

«Омикрон» Ўзбекистонда 7 январь куни қайд этилди. Мамлакатда карантин чоралари кучайтирилди, барча ташкилотлар раҳбарларига ходимларни эмлашни таъминлаш мажбурияти юкланди, талабалар ва мактаб ўқувчиларининг таътиллари 24 январга қадар узайтирилди. Давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларига тадбирлар ўтказиш тақиқланди.

Ҳар куни бир неча минг янги инфекция ҳолатлари қайд этилаётган Қозоғистон билан чегарани кесиб ўтишда чекловлар жорий этилди. «Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 15 январь куни 13,6 минг кишида коронавирус инфекцияси аниқланган. Бу 11 январга нисбатан қарийб 9 мингтага, 14 январга нисбатан эса 1200 нафарга кўп демакдир», — дейилади Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

15 январдан бошлаб Ўзбекистонга хориждан келаётганларнинг барчаси (автомобилда келаётганлар бундан мустасно) келишидан камида 48 соат олдин салбий натижага эга ПЦР тести сертификатини тақдим этиши, шунингдек аэропорт, темир йўл станцияси ёки чегара ўтиш пунктларида экспресс-тест топшириши шарт.

Бу талаб келаётган йўловчилар норозилигига сабаб бўлди, улар тест топшириш учун навбатда туришга ва 5 доллар тўлашга мажбур бўлишмоқда. Бунга жавобан Санитария-эпидемиология фаровонлиги ва аҳоли саломатлиги хизмати (СЭС) тезкор тест баъзида ҳатто ПЦР тести салбий бўлган одамларда ҳам коронавирусни аниқлашини айтди.

Янги талаб жорий этилган 15 январь куни Тошкент шаҳрига учиб келган 3 801 нафар фуқародан тест синамалари олинган. Уларнинг барчасида манфий ПЗР тести бўлганлигига қарамасдан 67 нафарида мусбат натижа аниқланган. Ўша кун республиканинг барча чегара пунктлари орқали 15 041 нафар фуқаро ўтган. Улардан 151 нафарида коронавирусга нисбатан мусбат натижа аниқланган», — дейилади вазирлик хабарида.

Ташкилотга кўра, экспресс тест нархи 5 АҚШ доллари эквивалентида белгиланган ва у дунё кўрсаткичларига нисбатан энг арзон нархлардан биридир. Шунингдек, тест топшириш жараёнида талабалик гувоҳномасини тақдим этган талабаларга 50 фоиз чегирма берилади. I ва II гуруҳ ногиронлиги бор шахслар учун тестлар бепул. 2 ёшгача бўлган болалардан тест олинмайди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2020 йил 15 мартдан буён мамлакатда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар умумий сони 206 минг кишидан ошган. Улардан 1518 нафари вафот этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ