Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати муҳтожликда яшаётган афғонларга миллиардлаб долларлик ёрдамни тақсимлашни мувофиқлаштириш учун ўз мулозимлари ва БМТ вакилларидан иборат қўшма орган тузишни таклиф қилди, деб хабар беради «Ал-Жазира» телеканали. Айни пайтда халқаро ташкилот толиблар воситачилигисиз афғонларга тўғридан-тўғри ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили АҚШ армиясининг Афғонистондан шошилинч равишда олиб чиқилиши ва «Толибон» ғалабасидан кейин хориж ёрдами кескин камайди. Бу ҳолат Афғонистоннинг заиф иқтисодиётини инқироз ёқасига олиб келди. Бир вақтнинг ўзида озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши ва ишсизлар сонининг кўпайиши оммавий очарчиликка сабаб бўлди.
Афғонистонга қўшни давлатлар ва БМТ муҳтож афғонларга зудлик билан гуманитар ёрдам етказа бошладилар. Шу билан бирга, халқаро ташкилот ўз ёрдамини ҳокимиятни эгаллаб олган толиблар воситачилигисиз, тўғридан-тўғри муҳтожларга тарқатишни маъқул кўрди.
1 январь куни БМТ 2022 йилда Афғонистон халқи ва қўшни мамлакатларга кўчишга мажбур бўлган афғонларга 5 миллиард доллардан ортиқ ёрдам кўрсатиш бўйича иккита режани таклиф қилди.
Шундан сўнг, толиблар халқаро ташкилот билан гуманитар ёрдам тарқатиш бўйича қўшма қўмита тузишни таклиф қилган.
«Ушбу қўмитанинг мақсади халқаро ҳамжамиятдан ёрдамга муҳтож одамларга етказилаётган инсонпарварлик ёрдамини юқори даражада мувофиқлаштиришдир», — дейди толиблар бош вазири ўринбосари Абдул-Салом Ҳанафий.
«Биз халқаро ҳамжамиятдан мақсадларига эришишиҳукумат имкониятларидан фойдаланишини сўраймиз», — деди Ҳанафий.
«Толибон» молия вазирлиги вакилининг айтишича, тез орада толиблар ва БМТ ўртасида ҳамкорликда мувофиқлаштирувчи қўмита тузиш бўйича музокаралар бўлиб ўтади.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).