Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш ва Қурилиш вазирликлари биринчилардан бўлиб коррупцияга қарши кураш бўйича баҳоланади

Forexdengi.com сайти фотосурати

Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими жорий этилади. Бу ҳақда 12 январь куни давлат раҳбари қарор имзолади, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Рейтинг баҳолаш тизими 2022 йил 1 февралдан бошлаб, эксперимент тариқасида ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган 26 та давлат ташкилотлари фаолиятига, 2022 йил 1 июлдан барча давлат ташкилотлари фаолиятига жорий этилади.

Коррупцияга қарши кураш бўйича биринчилардан бўлиб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари, Соғлиқни сақлаш, Қурилиш, таълим, Адлия, божхона, солиқ қўмиталари, Кадастр агентлиги, Ахборот ва коммуникациялар вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси бошқа бир қатор бошқармалар баҳоланади.

Рейтинг баҳолаш қуйидаги 5 та йўналиш бўйича белгиланган индикаторлар асосида амалга оширилади:

👉 давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича механизм ва ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги ва амалиётга татбиқ этилганлиги;

👉 коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги;

👉 давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларининг мавжудлиги;

👉 ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги;

👉 коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги.

Коррупцияга қарши кураш самарадорлиги 0 дан 100 баллгача шкала бўйича баҳоланади, шундан сўнг ўрганилаётган ташкилот учта рейтингдан бирини олади – «яхши», «қониқарли» ва «қониқарсиз». Энг юқори баҳо олганларнинг тажрибаси оммалаштирилади, қолганларига эса йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва коррупцияга қарши кураш бўйича чора-тадбирлар тавсия этилади.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш 2016 йили эълон қилинган, 2019 йили тегишли дастур тасдиқланди. 2020 йил июнь ойида Коррупцияга қарши кураш агентлиги ташкил этилди, у бевосита мамлакат Президентига бўйсунади ва парламентга ҳисобот беради. Агентликка 2022 йил 1 январдан фуқароларни коррупция ҳолатлари тўғрисида тезкор хабардор қилиш мақсадида кечаю-кундуз хизмат кўрсатувчи сall-марказни йўлга қўйиш топширилди.

2021 йил сентябрь ойида Адлия вазирлиги Ўзбекистонда илк бор коррупцияга қарши кураш нодавлат ташкилоти – «Ўзбекистонда очиқлик ва шаффофлик» (Transparency Uzbekistan) таҳлилий марказини рўйхатдан ўтказди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ