«Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси Алишер Қодиров Ўзбекистонда Тарбия ва таълим вазирлигини ташкил этишни таклиф қилди. Бундай ташаббус матни унинг Телеграм-каналида эълон қилинган.
«Бу вазирлик ҳар бир болани оиладан бошлаб мактабдан чиқиб кетгунича (туғилганидан 18 ёшгача) бўлган даврда тарбияси ва таълим сифати учун масъул бўлади. Вазирликка ота-оналар билан яқиндан ишлаш, уларни малакасини ошириш билан бирга, масъулиятсизлик учун жавобгарликка тортишни ташаббус қилиш ваколатлари ҳам берилиши керак», — деди Қодиров.
Унинг фикрича, Тарбия ва таълим вазирининг учта ўринбосари бўлиши керак: бири оила ва хотин-қизлар масалалари, иккинчиси мактабгача ва бошланғич таълимни ташкил этиш, учинчиси мактабда таълим ва тарбияни ташкил этиш бўйича масъул бўлади.
Шунингдек, Қодиров, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулиятини кучайтириш ва буни қонунчиликда аниқ белгилашни таклиф қилди. Вояга этмаган болалари бор аёлларга моддий ёрдам қатори уларнинг ота-оналик кўникмаларини ошириш мақсадида масофавий таълим тизимини яратиш орқали ахборот ёрдами ҳам кўрсатилиши керак. Меҳнат қонунчилигида улар учун алоҳида имтиёзлар белгиланиши керак, дейди сиёсатчи.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ўзбекистонда таълим масалалари билан учта вазирлик шуғулланади: мактабгача таълим, халқ таълими ва олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари. 2020 йили Маҳалла ва оила ишлари вазирлиги ташкил этилиб, унинг вазифалари қаторига оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш киритилди.
Алишер Қодиров Ўзбекистон Президентлигига номзод бўлганида, агар ғалаба қозонса Олий таълим вазирлигини тугатишини, исломий таълим муассасаларига квоталар кўпайтиришини, ҳамма жойда Қуръон ўрганиш курслари очишини, оммавий ахборот воситаларини қўшилган қиймат солиғидан озод қилинишини, алимент фондини ташкил этишини маълум қилганди. Шунингдек, у хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар учун солиқ жорий этишни таклиф қилганди.