Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК)нинг 2021 йилда кутилаётган соф фойдаси 11,3 триллион сўмни (1 миллиард доллардан ортиқ) ташкил этади. Бу ҳақда Ўзбекистондаги энг йирик корхонанинг матбуот хизмати хабар берди.
Ўтган йили Навоий кон-металлургия комбинати томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 54,2 трлн сўмга бажарилди. Инвестиция дастури доирасида 621,1 млн долларлик маблағ ўзлаштирилиб, 3,4 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Комбинатдан давлат бюджетига 35 триллион сўмдан ортиқ (3,2 миллиард доллардан ортиқ) маблағ тушди.
НКМК олтин, уран, нодир металлар қазиб олиш, қурилиш материаллари ва бошқа халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Дунёдаги энг йирик учта олтин ишлаб чиқарувчи корхонадан бири саналади. Заводда 58 мингдан ортиқ киши ишлайди.
Бундан аввал, НКМК 1 январдан бошлаб учта мустақил корхонага бўлингани ҳақида хабар берилган эди: «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти, «Навоийуран» давлат корхонаси, Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси давлат муассасаси.