Uzbekistan Airways Қозоғистондан ўзбекистонликларни олиб кетиш рейсларини ташкил этади

Нур-Султон аэропорти. Фото с сайта Tengrinews.kz сайти фотосурати

Uzbekistan Airways авиакомпанияси яқин кунларда Қозоғистондан ўзбекистонларни олиб кетиш рейсларини ташкил қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Қобулжонов маълум қилди.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари – Нур-Султондаги элчихонаси, Олмаота ва Оқтаудаги бош консулликлари ҳузуридаги тезкор штабларга мурожаат қилган ўзбекистонликлар махсус рейслар билан ватанга қайтарилади. Улар тегишли рўйхатга киритилган.

7 январь куни Uzbekistan Airways Нарикбоев номидаги Қозоғистон давлат юридик университетида таҳсил олаётган 35 нафар Ўзбекистон фуқаросини ватанига қайтарди.

«Қийин аҳволда қолган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Талабалар билан алоқа ўрнатилди. Уларга зарур ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда. Нур-Султон шаҳридаги аэропортда парвозини кутаётган фуқаролар иссиқ овқат билан таъминланди», — деди Қобулжонов.

Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари билан уларнинг қариндошлари ва яқинлари ўртасида алоқа ўрнатишда тезкор ёрдам кўрсатилмоқда.

«Ўзбекистоннинг дипломатик ва консуллик муассасалари Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан жойларда доимий алоқада бўлиб турибди. Ҳозирда Ўзбекистон фуқароларининг ҳибсга олингани ҳақида маълумот йўқ», — деб таъкидлайди Қобулжонов.

Эслатиб ўтамиз, январь ойи бошида Қозоғистонда норозилик акциялари бошланиб, тез орада у тартибсизлик ва талончилик ҳаракатларига айланиб кетди. Мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаев фавқулодда ҳолат жорий этди, ҳукумат истеъфога чиқди. Президент мамлакатда теракт содир бўлаётганини айтиб, КХШТ бўйича ҳамкорларидан ёрдам сўради. 11 январь куни Тўқаев КХШТ тинчликпарвар кучлари миссияси якунлангани ва у яқин орада Қозоғистонни тарк этишини эълон қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ