Тўқаев яна бир бор чет эллик террорчилар ҳақида гапирди ва КХШТга ёрдам учун миннатдорчилик билдирди

Қосим-Жомарт Тўқаев нутқидан криншот

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо барча давлатлар Қозоғистоннинг тартибсизликлар борасида ёрдам сўраб қилган мурожаатини қўллаб-қувватлабган ҳолда бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши сессиясида мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаев шу ҳақда тўхталиб ўтди.

«Дарвоқе, бу – КХШТга аъзо давлатлардан бирининг хавфсизлиги, барқарорлиги ва яхлитлигини таъминлаш борасида ташкилотнинг тинчликпарвар салоҳияти илк бор сафарбар қилинишидир», — деди Қозоғистон раҳбари йиғилиш иштирокчиларига «ёрдам ва ҳарбий биродарлик учун» миннатдорчилик билдираркан.

«Биз учун нафақат ҳарбий, балки ҳамкорларимизнинг маънавий қўллаб-қувватлаши ҳам муҳимдир», — дея қўшимча қилди у.

Тўқаевнинг сўзларига кўра, Қозоғистонда жорий йил бошидан буён содир бўлган барча воқеалар бир занжирнинг ҳалқасидир. «Улар ягона бузғунчи режага бўйсундирилган, уни тайёрлаш эса узоқ давом этган. Бу тайёргарлик қанча давом этган — бир йилми, икки, уч йил — буни текширувлар кўрсатади. Бузғунчилар томонидан бир неча бор вазиятни издан чиқариш, тартибсизликларни келтириб чиқаришга уринишлар бўлди, давлат барқарорлиги ва мустаҳкамлигини пайпаслаш учун қандайдир синовлар бўлди. Бу хатти-ҳаракатларнинг барчаси қатъий бостирилди, — деди президент.

«Ёппасига норозилик намойишлари остида тартибсизликлар тўлқини пайдо бўлди. Битта буйруқ билан диний радикаллар, жиноятчилар, бандитлар, талончилар саҳнада пайдо бўлди. Ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий талаблар иккинчи, учинчи ўринга сурилиб, унутилди.

Бунинг кетидан қизғин палла бошланди ва ўз вақти соатини кутиб ётган қуролли жангарилар гуруҳлари ҳаракатга келди. Асосий мақсад – конституциявий тузумга путур етказиш, бошқарув институтларини йўқ қилиш, ҳокимиятни эгаллаб олиш эди», — дея таъкидлади президент.

Шунингдек, у Қозоғистонга бўлган тажовузда террорчилар, жумладан, чет элликларнинг ҳам бевосита иштирок этганини маълум қилди. Давлат раҳбари бунга далил сифатида жангариларнинг ўликхоналарга ҳужум қилиб, ҳалок бўлган шериклари жасадларини олиб кетган ҳолатларини келтирди. Тўқаевнинг сўзларига кўра, бу террорчилар орасида одатий ҳол. Шундай қилиб, улар «изларини йўқотишади».

«Январнинг бир неча куни давомида Қозоғистон кенг кўламли инқирозни бошидан кечирди. Бу мустақилликнинг 30 йиллик тарихидаги энг қийин дамлар бўлди», — дея хулоса қилди президент.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ