Ўзбекистондаги саккизта давлат автомобиль транспорти корхонаси кимошди савдосига қўйилади. Уларнинг рўйхати «Автомобиль транспорти соҳасидаги давлат корхоналарига хусусий секторни жалб этиш тўғрисида»ги ҳукумат қарори иловасида келтирилган.
Уларнинг орасида:
➡️ Avtotrans Chimboy (Қорақалпоғистон);
➡️ Avtotrans Qarshi (Қашқадарё вилояти);
➡️ Avtotrans Kosonsoy (Наманган вилояти);
➡️ Avtotrans Urgut (Самарқанд вилояти);
➡️ Avtotrans Xorazm (Хоразм вилояти);
➡️ Avtotrans Angor (Сурхондарё вилояти);
➡️ Nurafshon Avtotrans Servis (Тошкент вилояти);
➡️ Trans Avto Qarshi (Қашқадарё вилояти) бор.
Ушбу корхоналар паст рентабелли деб топилган ва E-auksion платформаси орқали ким ошди савдосига қўйилади. Харидор бир қатор инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни ўз зиммасига олади.
Жумладан, сотиб олинган корхона камида беш йил давомида йўловчи ташишни амалга ошириши, уларни асосан қишлоқларни туман ва вилоят марказлари билан боғловчи ҳудудларда ташкил этиши лозим. Йил давомида автомобиллар GPS -трекерлар ва электрон тўлов тизимларидан фойдаланиш мосламалари билан жиҳозланиши керак.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати иқтисодиётда давлат иштирокини камайтиришга ҳаракат қилмоқда. 2021-2022 йиллар давлат улушига эга корхоналар сонини 3 баробарга қисқартириш режалаштирилган эди. Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, жорий йилда 32 та йирик давлат активлари, жумладан, «Ўзсаноатқурилишбанк» ҳам аукционга қўйилади. Ҳудудларда 770 та объект хусусийлаштиришга тайёрланди. Давлат тасарруфидан чиқариш ҳисобига бюджетга қарийб 10 триллион сўм ($926 млн) тушиши кутилмоқда.