Ўзбекистон газ экспортини бутунлай тўхтатди

2021 йил декабрда ишга туширилган Uzbekistan GTL заводини тўлиқ қувватда ишлаши учун йилига 3,6 млрд куб метр табиий газ талаб қилинади. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон табиий газ экспортини бутунлай тўхтатиб, уни мамлакат ичидаги мавсумий истеъмолни қоплашга йўналтирди. Бу ҳақда «Интерфакс» республика энергетика вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Бундан аввал Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 2025 йилгача газ экспорти тўхтатилишини айтганди. Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжини ёқилғи билан таъминлаш учун газни республика ичида тўлиқ қайта ишлаш режалаштирилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон табиий газни хорижга сотишни кескин қисқартирди. 2020 йили у Россияга экспортни бутунлай тўхтатди ва Хитойга газ етказиб беришни уч бараварга камайтирди. Бир йил олдин Россия 6,8 миллиард куб метр ўзбек газини сотиб олган ва харид бўйича Хитойдан (5,1 миллиард) ўзиб кетганди. Шартномаларга кўра, 2020 йили Қирғизистонга қарийб 60 миллион куб метр, Тожикистонга эса 200 миллион кубометр газ экспорт қилиш режалаштирилган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон газ импортини оширмоқда. 2020 йили «Газпром» республикага 0,9 миллиард куб метр, 2021 йилнинг биринчи чорагида эса 1,5 миллиард куб метр туркман газини етказиб берган. Импортни рағбатлантириш мақсадида ҳукумат Ўзбекистонга табиий газ олиб кирувчи компанияларни божхона тўловларидан озод қилди.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2020 йили Ўзбекистонда газ қазиб олиш ўтган йилга нисбатан 17,8 фоизга – 60,5 миллиарддан 49,7 миллиард куб метрга камайган. 2021 йили 53,8 миллиард куб метр газ ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Жорий йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистонда 35,2 миллиард куб метр газ қазиб олинди, бу 2020 йилга нисбатан 8,3 фоизга ёки 2,7 миллиард куб метрга кўп демакдир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ