Мирзиёев Тўқаев ва Раҳмон билан Қозоғистондаги вазиятни муҳокама қилди

Эмомали Раҳмон, Шавкат Мирзиёев, Касим-Жомарт Тўқаев. Asiaplustj.info сайти фотосурати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 январь куни Қозоғистон ва Тожикистон раҳбарлари Қосим-Жомарт Тўқаев ва Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.

Мирзиёевнинг Тўқаев билан суҳбатида давлат раҳбарлари Қозоғистондаги вазиятнинг ривожланиши, республикадаги ҳолатни барқарорлаштириш, тез фурсатда тинчлик ва осойишталикни қайта тиклаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашдилар.

«Ўзбекистон етакчиси Қозоғистоннинг биродар халқи ва раҳбариятини уларнинг мамлакат барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларида доимо қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади», — дейилади Мирзиёев матбуот хизмати хабарида.

Мирзиёевнинг Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон билан суҳбатида Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик муносабатларининг долзарб масалаларини муҳокама қилинди.

Икки мамлакат етакчилари ҳозирги воқеаларнинг иштирокчиси бўлган томонларни вазминликка ва вужудга келган масалаларни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирдилар.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 5 январдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққан.

Қозоғистонда норозилик намойишлари 2 январь куни Манғистау вилоятининг Жанаўзен ва Ақтау шаҳарларида бошланган бўлиб, аҳоли суюлтирилган газнинг юқори нархда сотилишига қарши чиққанди. Кўп ўтмай намойишлар бошқа шаҳарларга кўчди, Олмаотада тартибсизликлар бошланди.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардан олинган хабарларга кўра, полиция билан тўқнашувларда ҳар икки томондан ўнлаб одамлар ҳалок бўлган, юзлаб одамлар жароҳатланган.

Ҳукумат истеъфога чиқди, мамлакатда 5 январдан 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев намойишчиларни террорчилар деб атади ва 5 январь куни КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ташкилот Қозоғистон мурожаатида мамлакатдаги вазиятни «чет элдан тайёрланган бандит тузилмаларининг бостириб кириши» сифатида баҳолагани ва 6 январь куни Қозоғистонга тинчликпарвар контингенти жўнатилганини қайд этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ