Туннел деворидан сув сизиб чиқиши унинг мустаҳкамлигига таъсир қилмайди

Daryo.uz сайти фотосурати

Самарқанддаги туннел деворларига плиткалар «қуруқ йиғиш» усулида ётқизилган бўлиб, улар орасидан сув ўтиши конструкция элементларининг мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатмайди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Кўприкқурилиш» трести Янги йил арафасида фойдаланишга топширилган «тирқишли туннел» ҳақидаги хабарларга изоҳ бериб, маълум қилди.

Тирқишлардан сувларнинг сизиб чиқиши ҳали қурилиши тугалланмаган дренаж тизимининг товоқларидаги турли хил тиқилиб қолишлар натижасида юзага келган. Лойиҳада ёмғир сувлари учун насосларни ўрнатиш ва оралиқ қурилмаларнинг бўғинларида кенгайтирувчи бирикмалар яратиш кўзда тутилган. Яқин кунларда иш ниҳоясига етиб, мудхиш воқеага барҳам берилади, дея ишонч билдирди трестдагилар.

Самарқанд шаҳридаги Рудакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишган туннел 31 декабр куни тантанали равишда очилди. Янги йилнинг биринчи кунларида шаҳарда ёмғир ёғди ва 4 январь куни ижтимоий тармоқларда видеоролик пайдо бўлди. Унда йўл ўтказгич деворларидан кучли оқимга эга сувлар сизиб чиқаётгани акс этганди.

Туннель қурилиши 2019 йил охирида бошланган. Ушбу қурилиш 2022 йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидан олдин шаҳар кўчаларини реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар доирасида амалга оширилган.

«Кўприкқурилиш» компанияси тендерсиз пудратчи этиб тайинланган. Туннел қурилишига давлат бюджетидан 143 миллиард сўм ($13,2 млн) сарфланган, бу лойиҳа босқичида белгиланганидан икки баравар кўп (67,7 млрд сўм) маблағ демакдир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ