Хоразмда электр тармоқлари компаниясининг собиқ бош директори порахўрликда айбланди

Муратбай Базаримбетов . Aniq.uz сайти фотосурати

«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ собиқ бош директори Муратбай Базаримбетов 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Унинг озодликка чиққанидан кейин уч йил давомида давлат ташкилотларида масъул лавозимларда ишлаши тақиқланади. Бу ҳақда Хоразм вилоят суди матбуот хизмати хабар беради.

Базаримбетов 2020 йил декабрь ойида шериги К. томонидан янги ташкил этилган ширкат хўжайинидан 15 минг долларни олаётган вақтида қўлга олинган. Тергов давомида уларнинг тадбиркордан компанияга қарашли ёқилғи қуйиш шохобчаси трансформаторини электр тармоғига улаш учун пора талаб қилгани аниқланган.

Дастлаб орган ходимлари К.ни тадбиркордан Базаримбетовга аталган пулларни олаётган вақтда қўлга олади. Сўнгра электр тармоқлари корхонаси бош директорининг ўзи порани олаётганда қўлга олинади.

Хива шаҳар суди Базаримбетовни Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди («жуда кўп миқдорда пора олиш») билан айбдор деб топди. Унинг шериги К. 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Апелляция суди ҳукмни ўз кучида қолдирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда