2021 йили Ўзбекистон иқтисодиётда ижобий динамикага эришди, деди президент Шавкат Мирзиёев 30 декабрь куни келгуси йилда иқтисодиёт тармоқлари ва коммунал соҳа барқарор ишлашини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида.
Президент жорий йилда ялпи ички маҳсулот 7 фоизга, саноат 9,5 фоизга, хизматлар 20 фоизга, қурилиш соҳаси 6 фоизга, қишлоқ хўжалиги 4 фоизга ўсгани, инфляция даражаси 10 фоиздан паст бўлганини таъкидлади.
Экспорт ҳажми 16,5 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан қарийб 1,3 миллиард долларга ошган.
«Умумий қиймати 12,4 миллиард долларлик 318 та йирик ва 14 мингта ҳудудий лойиҳалар ишга тушди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг турмуш шароити яхшиланди», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Мирзиёев келгуси йилда ҳам иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш бўйича вазифаларни кўрсатиб ўтди. Хусусан, ялпи ички маҳсулот ва саноатни 7 фоиздан юқори, хизматларни қарийб 30 фоизга ошириш мақсад қилинган.
Давлат раҳбари халқ дастурхони тўкинлигини таъминлаш мақсадида қиш ойларида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозорларга барқарор етказиб бериш бўйича вазифаларни белгилади.
«Йиғилишда электр энергияси, табиий газ, иссиқлик таъминоти, коммунал, соғлиқни сақлаш ва ёнғин хавфсизлиги тизимларининг барқарор ишлаши муҳимлиги қайд этилди. Малакали тиббий хизмат кўрсатиш, жамоат, ёнғин ва ҳаракат хавфсизлиги фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Бундан аввалроқ, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) таҳлилчилари Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2021 йилда 6,8 фоизга, 2022 йилда эса 6 фоизга ўсишини тахмин қилган эдилар. Ўтган йилда ўсишнинг асосий омиллари сифатида истеъмол, инфратузилмага инвестициялар киритилиши ва трансчегаравий пул ўтказмаларининг ўсиши қайд этилди.
Давлат статистика қўмитасининг маълум қилишича, 2021 йил январь-ноябр ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 15 фоизга ўсган ва 37,9 миллиард долларни ташкил этган. Марказий банк маълумотларига кўра, январь-сентябр ойларида республикага 1,7 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритилган. Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи учинчи чорак якунига кўра 37,6 миллиард долларни ташкил этиб, 3,7 миллиард долларга ёки 11 фоизга ўсган.