Ўзбекистон Экология партияси раиси Нарзулло Обломуродов Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига раҳбар этиб тайинланди. 30 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Обломуродов номзоди депутатлар томонидан маъқулланди.
Обломуродов 46 ёшда, Самарқанд вилоятида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини (1996) ва Бирмингем университетини (Буюк Британия, 2000) тамомлаган. Иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент, узоқ вақт мобайнида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ва Тошкент молия институтида ишлаган.
2020-2021-йиллари Экология давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2021 йил 1 февралдан бери у Экопартияни бошқариб келган. Обломуродов президентлик сайловида Экопартиядан номзод сифатида тасдиқланган. 24 октябрь куни бўлиб ўтган сайловда унга сайловчиларнинг 4,14 фоизи овоз берди.
Обломуродовдан аввалги раҳбар Экология давлат қўмитасини 9 ой бошқарган ва 24 август куни «соҳадаги тизимли муаммолар ва ишдаги камчиликлар учун» ишдан олинган эди. Қўмитанинг ундан олдинги раиси Шавкатжон Абдуразоқов ушбу лавозимда олти ойдан кам вақт ишлади.