Чақалоғини сотмоқчи бўлган Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган аёл беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда «Новости Кашкадарьи» («Қашқадарё янгиликлари») телеграмм-канали хабар беради.
Суд жараёни Сирдарё вилоятида бўлиб ўтди, зеро шу ерда она чақалоғини сотмоқчи бўлган.
Чақалоқ 8 октябрда туғилган. Она болани 5 минг долларга пуллашни режалаштирган. Бироқ, ишга Гулистон шаҳри ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари аралашади. Белгиланган пуллар аёлга топиширилган, шундан сўнг у ҳибсга олинган, чақалоқ эса болалар уйига юборилган.
Суд жараёнида аёл моддий қийинчиликлар туфайли шундай йўл тутишга мажбур бўлганини айтган. Тахминан бир йил олдин у уйидан чиқиб кетади, мустақил яшашга ҳаракат қилади, лекин тирикчиликка пул тополмайди.
Ўзбекистонда бола савдоси билан боғлиқ жиноятлар тез-тез учраб туради. Кўпинча янги туғилган чақалоқлар ёки мактаб ёшига етмаган болаларни пулламоқчи бўладилар. Бола учун бир неча миллион сўмдан ўн минглаб долларгача пул талаб қилишади.
Одатда жиноятнинг бу тури Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси «Одам савдоси», аниқроғи 3-қисмнинг «а» банди («ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган жиноят») билан таснифланади. Ушбу моддада 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.