Бухоро вилояти Когон шаҳрида яшовчи аёл ОИВ инфекциясини қасддан юқтиргани учун олти ярим йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар қилади.
Шу йилнинг март ойида 27 ёшли аёл қўлга олинган. У 2017 йилнинг декабрдан буён Бухоро вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази томонидан ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахс сифатида рўйхатга олинган. Бироқ, ушбу фуқаро ўзининг ОИВ инфекциясига чалинганини била туриб, эркаклар билан ҳимоя воситаларисиз жинсий алоқада бўлган ва ушбу шахсларга ОИВ инфекциясини қасддан юқтириш жиноятини содир этган. Аёл шерикларининг аксарияти турмуш қурган ва фарзандли бўлиб чиққан.
ИИБ тергов бўлими унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 113- моддаси («Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш») билан жиноят иши қўзғатган. Текширув давомида маълум бўлишича, аёл 40 га яқин эркакка касалликни юқтиришга муваффақ бўлган.
Республика ОИТСга қарши кураш маркази маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 42 425 нафар ОИВ инфекцияси билан касалланган фуқаролар рўйхатга олинган. Уларнинг 57,5 фоизини эркаклар, 42,5 фоизини аёллар ташкил этади. 74,2% ҳолатда инфекция жинсий йўл билан, 18,2% ҳолатда қон орқали юққан, 0,3% ҳолатда вирус онадан болага ўтган.