Ўзбекистон Хитойда хориж омборини очди

Dzyannica.by сайти иллюстратив фотосурати

Хитой шимоли-ғарбидаги Гансу провинциясида Ўзбекистоннинг хориждаги омбори очилди, деб хабар беради «Синхуа» ахборот агентлиги. 9000 кубометр сиғимга эга омбор Гансу пойтахти Ланчжоудаги халқаро божхона логистика марказида жойлашган.

Омбор Хитой ва Ўзбекистон ўртасида савдо-сотиқни осонлаштиришга хизмат қилади: товарларни етказиб бериш муддати 30 кундан 3-4 кунгача қисқаради. Шунингдек, омбор корхоналарга катта ҳажмда товарларни етказиб беришни осонлаштиради.

Шу йилнинг октябр ойида Тошкентда Гансу провинциясининг хориждаги шундай омбори очилган эди. Бу Хитой провинцияларининг Марказий Осиё бозорига киришига ёрдам беради ва мамлакатлар ўртасидаги савдода қулайликлар яратади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қозоғистон келгуси йилда чегарада логистика марказини яратиш утида иш бошлайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг декабр ойида Қозоғистонга ташрифи чоғида томонлар Марказий Осиёдаги энг йирик савдо-саноат марказига айланишга мўлжалланган Халқаро саноат кооперацияси марказини қуришга келишиб олдилар. 2022 йили марказ фаолиятини ташкил этиш учун ҳуқуқий асос шакллантирилади ва лойиҳани амалга ошириш учун ер участкалари белгиланади, деб хабар беради LS нашри Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлигига таянган ҳолда.

Марказ 2025 йилгача барпо этилади. Бу таъминот занжиридаги иштирокчилар сонини қисқартириш, якуний истеъмолчи учун маҳсулот таннархини пасайтириш ва товарларни етказиб бериш тезлигини оширишга хизмат қилади, шунингдек икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ва тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларини яхшилайди. Марказ нафақат Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида, балки минтақадаги бошқа давлатлар билан ҳам товар айирбошлаш ҳажмини оширади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ