Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни ярмига қисқартирди

Twitter тармоғи фотосурати

Ўзбекистон техник сабабларга кўра Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 50 фоизга қисқартирди. Бу ҳақда 29 декабрь куни Aamaj News ахборот агентлиги Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) энергетика корпорациясига асосланиб хабар берди.

DABS қўшимча қилишича, 29 декабрь кун охирига бориб Ўзбекистондан электр энергияси оладиган Афғонистоннинг 15 вилоятида электр ўчирилиши кутилмоқда.

Октябр ойида «Фарғона» Афғонистоннинг электр энергиясини бўйича қўшни давлатлардан қарзи 62 миллион доллардан ошгани ҳақида хабар берганди. DABS Туркманистон, Ўзбекистон, Эрон ва Тожикистондаги электр энергияси етказиб берувчиларга расмий хатлар йўллаб, қарзларни тўлаш мажбуриятини эълон қилганди. Шунингдек, Афғонистон давлат корпорацияси БМТнинг Афғонистондаги кўмак миссиясига мурожаат қилиб, қарзни тўлашда ёрдам сўраганди.

24 октябрь куни Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Афғонистонда банк тизими ишлай бошлаганида қарзларни тўлаш бўйича келишувга эришилганини маълум қилганди.

Қайд этиш жоиз, халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра айни дамда Афғонистон банк тизими таназзул ёқасида турибди. Баъзи хусусий банклар аллақачон банкрот бўлган. Бундан ташқари, нақд пул етишмаслиги сабабли валюта операцияларида муаммолар юзага келган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ