1 январдан Россияда ноқонуний ишлаб юрган мигрантлар мамлакатдан чиқариб юборилади

Россиядаги меҳнат мигрантлари. Facebook тармоғи фотосурати

«Келаси йил январь ойидан бошлаб Россия Федерациясида ноқонуний меҳнат фаолияти юритаётган чет эл фуқаролари мамлакатдан чиқариб юборилади, Иш берувчилар ноқонуний ёлланган ҳар бир ишчи учун 800 минг рублгача жаримага тортилишлари мумкин», — дейилади Россия ИИВ матбуот маркази хабарида.

ИИВ 31 декабр куни РФ Президенти томонидан чет эл фуқароларига Россияни тарк этмай туриб қонуний меҳнат фаолиятини юритиш ҳуқуқий ҳолатини тартибга солиш учун берилган имкон муддати тугашини эслатиб ўтади.

«Шу муносабат билан Россия Ички ишлар вазирлиги 31 декабрга қадар Россияда ишлаш учун ҳужжатлари бўлмаган чет эл фуқароларига зудлик билан ички ишлар органларига мурожаат қилишини қатъий тавсия қилади.

Шунингдек, Озарбайжон, Молдова, Тожикистон, Ўзбекистон ва Украина фуқаролари ҳужжатларни топшириш муддати ва Россияга кириш мақсадига доир қўйилган талабларни ҳисобга олмаган ҳолда патент олиш учун ариза беришлари мумкин. Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар фуқаролари Россия Федерациясига кириш мақсадидан қатъи назар, меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузиш ҳуқуқига эгадирлар», — дейилади вазирлик ахборотида.

Чет эл фуқароларини иш ёки хизматлар кўрсатиш учун ёлловчи Иш берувчилар мигрантлар билан меҳнат муносабатларини расмийлаштиришлари ва бу ҳақда уч кун ичида Россия Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органларини хабардор қилишлари, шунингдек Россияга кириш мақсадидан қатьи назар чет эл фуқаролари учун меҳнат рухсатномасига ариза беришлари шарт.

Россия ИИВ маълумотларига кўра, 2020 йилнинг март ойидан бери 7 миллиондан ортиқ мигрант пандемия шароитида ишга рухсатнома олган, шу жумладан 1,5 миллион чет эл фуқароси Россия Федерациясини тарк этмай туриб яшаш учун керакли ҳужжатларни расмийлаштириш имконига эга бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ