Янги йил байрами арафасида Ўзбекистонда йўловчилар оқимининг кескин ошиши муносабати билан республика Транспорт вазирлиги асосий транспорт турлари бўйича қўшимча рейсларни йўлга қўйди.
Самолётлар
Uzbekistan Airways авиакомпанияси 27-30 декабр кунлари қўшимча ўнта рейсни амалга оширади. Жумладан, Тошкент – Урганч йўналиши бўйича учта, Тошкент –Нукус ва Тошкент – Бухоро йўналишларида иккитадан, Тошкент – Қарши, Тошкент – Наманган, Тошкент – Термиз йўналишларида биттадан рейс қўшилди.
Бундан ташқари, шу кунларда Тошкентдан Нукус, Бухоро ва Урганчга 150 ўринли А320 самолётлари эмас, балки мос равишда 184 ва 247 ўринли Boeing 757 ва Boeing 767 самолётлари парвоз қилади.
Поездлар
“Афросиёб” тезюрар электропоезди 25 декабрдан 10 январга қадар Тошкентдан Бухорога ҳар куни қатнайди.
Тошкент – Бухоро – Урганч йўналишида 27-29 декабр кунлари қўшимча иккита поезд қатнови йўлга қўйилди, Тошкентдан Термиз, Нукус ва Урганч йўналишидаги йўловчи поездларига 4 та иккинчи тоифали вагонлар қўшилди.
Автобуслар
Қуйидаги йўналишларда қўшимча автобус қатновлари йўлга қўйилди: Тошкент – Нукус (2 та рейс); Тошкент – Бухоро (12 та рейс); Тошкент – Жиззах (3 та рейс); Тошкент – Қарши (16 та рейс); Тошкент – Навоий (17 та рейс); Тошкент – Самарқанд (19 та рейс); Тошкент – Термиз (43 та рейс); Тошкент – Сирдарё (5 та рейс); Тошкент – Урганч (18 та рейс).
Мазкур чора-тадбирлар натижасида транспорт хизматларига бўлган мавсумий талаб тўлиқ қондирилади, дейилади вазирлик хабарида.