Тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш учун йиғим миқдори беш бараварга камайтирилди

Давлат хизматлари марказида. ЎзА фотосурати

Ўзбекистонда тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш учун йиғим миқдори беш бараварга — бир базавий ҳисоб миқдоридан (БҲМ) БҲМнинг 20 фоизигача пасайтирилди. Ҳукуматнинг 27 декабрдаги қарори билан бир қатор ҳужжатларга тегишли ўзгартириш киритилди, деб ёзади Spot.uz.

Шундай қилиб, рўйхатдан ўтганлик гувоҳномасини олиш учун йиғим 270 минг сўм ($25 жорий БҲМ миқдори) ўрнига атиги 54 минг сўмни (5 доллар) ташкил этади. Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали ариза топширилганда давлат божи 10 фоизга – 48,6 минг сўмгача камайтирилади.

Рўйхатдан ўтиш рад этилган тақдирда, тадбиркор беш иш куни ичида давлат божини тўламаган ҳолда аризани қайта юбориши мумкин.

Худди шу фармонда адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олиш соддалаштирилган – ариза 10 иш куни (ҳозир 20) муддатда кўриб чиқилади, лицензия дубликатини бериш икки иш куни (ҳозир уч) давом этади. Юридик маслаҳат фирмаси энди уч кун ўрнига бир кунда рўйхатдан ўтиши мумкин.

Бир қатор давлат хизматларини кўрсатиш регламентига ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, ижтимоий ҳимоя реестрида рўйхатга олинган шахслар давлат божи ва йиғимларини 50 фоизлик чегирма билан тўлайдилар деган қоида қўшилди.

Шунингдек, хизматлар кўрсатувчи давлат органларига давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги қоғоз квитанцияни тақдим этиш талаби ҳам бекор қилинди.

Бундан аввал Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов электрон тизимга ўтиш ва аҳолидан 34 турдаги маълумотномалар талаби бекор қилинганидан кейин 46 миллиард сўм ($4,2 млн) иқтисод қилинганини маълум қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ