Ўзбекистон Марказий банки 2021 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича ҳисоботини эълон қилди, унда жисмоний шахсларнинг пул ўтказмалари республикага қаердан келаётгани кўрсатилган.
Трансчегаравий пул ўтказмалари бўйича етакчи ўнталикдан Россия ($3,951 млрд), Қозоғистон ($574,5 млн), АҚШ ($361,8 млн), Жанубий Корея ($240,6 млн), Туркия ($176 млн), Исроил ($111,4 млн), Қирғизистон ($46 млн), Швеция (38,4 млн доллар), БАА (34,9 млн доллар), Украина ($18,7 млн) жой олган.
Жорий йилнинг январь ойидан сентябрига қадар Ўзбекистонга жами $5,745 млрд ўтказилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34 фоизга кўпдир. Жумладан, $3,423 млрд МДҲ давлатларидан жўнатилган.
Худди шу давр мобайнида Ўзбекистондан хорижга 1 миллиард 106 миллион доллар ўтказилган, бу ўтган йилнинг уч чорагига нисбатан 41 фоизга кўпдир.
Энг кўп Туркияга жўнатилган ($321,4 млн), иккинчи ўринда Россия ($285 млн), учинчи ўринда Қирғизистон ($107,7 млн) жойлашган. Кейинчалик камайиш тартибида Қозоғистон ($99,8 млн), Хитой ($70 млн), Жанубий Корея ($37,6 млн), Польша ($28,2 млн), АҚШ ($22,1 млн), Украина ($18,4 млн), Германия ($11,7 млн) ва бошқа бир қанча мамлакатлар ўрин олган.
Бундан олдин, 2021 йилнинг 11 ойи давомида Ўзбекистонга трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоизга ошиб, 7,3 миллиард долларга етгани хабар қилинганди.