Қашқадарёда $1,8 млрд қийматга эга завод қурилишига старт берилди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қашқадарё вилоятида умумий қиймати 1,8 миллиард долларлик полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқарувчи завод қурилишига старт берилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 25 декабр куни GTL заводининг очилиш маросимида янги корхона пойдеворига капсула қўйди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Корхона Uzbekistan GTL заводи ёнида қурилади. Унда 430 минг тонна нафтани қайта ишлаш ҳисобига йилига 280 минг тонна полиэтилен ва 100 минг тонна полипропилен тайёрланади. Яна мингга яқин иш ўрни очилади.

Шу тариқа, Шўртанда республикадаги биринчи йирик газ-кимё кластерига асос солинади. Бу кластерда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳозирги 290 миллион доллардан 2025 йилда 1,8 миллиард долларга етказилади. Яъни, 6 баробарга ошади.

Ушбу кластер тизимидаги корхоналар 1 долларлик хом ашёдан 10 долларлик юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар яратади.

2021 йил август ойида Ўзбекистон ҳукумати Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистонда кимё-технологик кластерларни ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Натижада 2026 йилга келиб кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш жорий йилга нисбатан 3 баравар кўпайиб, 2030 йил ялпи ички маҳсулотнинг 7 фоизини ташкил этиши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ