«Наманган шаҳар оқова сув тозалаш иншоотини ДХШ шартлари асосида қуриш» лойиҳаси бўйича Буюк Британиянинг Metito Utilities Limited компанияси тендер ғолиби деб эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилади.
Лойиҳа бўйича қуввати суткасига 100 минг м3 оқова сувларини тозалашга мўлжалланган иншоот ва 7,5 км узунликда оқова сув тармоқларини қуриш назарда тутилган.
Лойиҳанинг қиймати $90 млн. Муддати — 25 йил, шундан дастлабки 2 йили қурилиш даври этиб белгиланди.
Тендерда иштирок этиш учун 23та компания ариза берган. Биринчи босқичда уларга олдиндан малакавий ҳужжатларни (RFQ) топшириш сўрови юборилди. Иккинчи босқичда Metito Utilities Limited ва Нидерландиянинг Almar Water Solutions BV консорциуми иштирок этди. Молиявий таклифлар бўйича йиллик эркин фойдаланганлик учун тўлов бўйича Буюк Британия 97,5 млрд.сўм ($9 млн), нидерландияликлар 103,1 млрд.сўм ($9,5 млн) таклифини билдирди. Британияликлар тендер ғолиби деб эълон қилинди.
Metito Utilities Limited компанияси 1958 йилда Байрутда (Ливан) ташкил топган. У 1977 йили Хюстонда (АҚШ) ишлаб чиқариш корхонаси ва Лондонда лойиҳалаштириш марказини ташкил этган. 2007 йили акциядорлик жамиятига айланган. Компаниянинг асосий акциядорлари — Mitsubishi Corporation, Mitsubishi Heavy Industries ва Халқаро Молия Корпорацияси саналади.